
Ўзбекистон Хитойга газ сотишдан қанча ишлаб топгани маълум бўлди
Республика газ экспорти ҳажми бўйича минтақада Туркманистон ва Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллаб турибди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Хитойга табиий газ етказиб берувчи асосий давлатлар бешлигидан жой олди ва ушбу ресурс экспортидан 773 миллион доллар миқдорида молиявий тушум қайд этди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси божхона статистикасига таяниб ТАСС хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2025 йилда Хитойга «мовий ёқилғи» етказиб бериш орқали 773 миллион доллар ишлаб топган. Нашр эълон қилган ушбу кўрсаткичлар республиканинг Хитой иқтисодиёти учун қувур орқали газ етказиб берадиган асосий ҳамкорлар қаторидаги мавқеини яна бир бор тасдиқлади.
Хитойга газ етказиб беришда ким етакчи?
Хитой бозорида энергия ресурсларини етказиб бериш бўйича Россия Федерацияси мутлақ етакчиликни сақлаб қолган бўлиб, унинг экспорти 9,41 миллиард долларни ташкил этган. Рўйхатда иккинчи ўринда бораётган Туркманистон эса газ сотишдан 8,41 миллиард доллар даромад олган.
Мьянма 1,53 миллиард долларлик кўрсаткич билан учинчи поғонани эгаллаган бўлса, қўшни Қозоғистон 1,13 миллиард долларлик ёқилғи сотиш билан тўртинчи ўринни банд этди. Ўзбекистон эса кучли бешликни якунлаб берди.
Хитой бозоридаги талабнинг ўсиш динамикаси
2024 йилда Хитойнинг хориждан сотиб олган қувур газининг умумий ҳажми аввалги йилга нисбатан 8,6 фоизга ошган. 2025 йилдаги рақамлар Хитой саноатининг углеводородларга бўлган эҳтиёжи нақадар юқори эканини кўрсатди.





