
Ўзбекистонда 11 ойда 1,8 минг киши пора бериш жинояти бўйича судланди
2025 йил бошидан буён пора бериш билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони ўтган йилга нисбатан камайган.

Жиноят кодексининг 211-моддаси — пора бериш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича статистика 2025 йилда ўтган йилга нисбатан камайгани маълум бўлди.
2025 йилнинг январ–ноябр ойларида пора бериш билан 1 801 нафар шахс судланган. Уларнинг 465 нафари озодликдан маҳрум этилган бўлса, қолган 1 336 нафарига озодлик билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланган.
Таъкидланишича, 2024 йилда бу модда билан жами 1 991 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Улардан 651 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 1 340 нафарига эса жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки шартли ҳукм каби енгилроқ жазолар қўлланган.
Солиштирма маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2025 йилда судланганлар сони 190 кишига камайган, озодликдан маҳрум қилинганлар сони эса қарийб 30 фоизга қисқарган.
Қонунчилик талабларига кўра, пора беришнинг оддий ҳолати учун БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида жарима, 2–5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Такроран ёки кўп миқдорда пора бериш 5–10 йилгача, жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ манфаатида амалга оширилган ҳолларда эса 10–15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.





