Logo

Ўзбекистонда 50 триллион сўмлик 163 та янги объект фойдаланишга топширилди

Бугун 20:082 дақиқа

Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида республика бўйлаб умумий қиймати қарийб 50 триллион сўмлик 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти ишга туширилди.

Ўзбекистонда 50 триллион сўмлик 163 та янги объект фойдаланишга топширилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда жами 163 та объект фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда давлат раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган кенг жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклади.

Маросимда давлат раҳбари сўнгги ўн йилда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида иқтисодиёт, саноат ва ижтимоий соҳаларда катта ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.

«Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида абадий муҳрланди», — деди президент.

Таъкидланишича, бу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси амалга оширилган. Қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Инвестиция ва иш ўринлари

Бугунги маросим доирасида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти ишга туширилди.

Янги объектлар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилиши, давлат бюджетига эса йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши кутилмоқда.

«Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Лойиҳалар энергетика, қишлоқ хўжалиги, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон ва тўқимачилик соҳаларини қамраб олган.

Жумладан, Сирдарёда 1 минг 573 мегаваттли электр ишлаб чиқариш қуввати, Қорақалпоғистонда 200 мегаваттли шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.

Ижтимоий объектлар

Янги объектлар орасида таълим ва тиббиёт соҳасига оид иншоотлар ҳам бор. Улар қаторида 36 та боғча, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди.

Янги Тошкентда барпо этилган Янги Ўзбекистон университети мажмуасида 7 минг нафар талаба таҳсил олиши учун шароит яратилди. Университетда Гарвард ва Оксфорд билан ҳамкорликда қатор таълим лойиҳалари амалга оширилади.

Шунингдек, 30 минг квадрат метр майдонга эга янги Миллий кутубхона очилди. У бир вақтнинг ўзида 1,5 минг нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Давлат раҳбари янги объектларни барпо этишда иштирок этган инвестор ва тадбиркорлар меҳнатини юксак баҳолади.

«Сиз яратаётган ҳар бир иш ўрни оилалар фаровонлигига хизмат қилади. Сиз ишлаб чиқараётган ҳар бир маҳсулот мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Теглар

Мавзуга оид