
Ўзбекистонда 8,5 млн литр сифатсиз нефт аниқланди
Ўзбекистонда ўтган 11 ой давомида 8,5 млн литрдан ортиқ сифати паст ёқилғи аниқланган.

Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси маълум қилишича, 2025 йил давомида ўтказилган текширувларда 8,5 млн литрдан ортиқ стандартларга жавоб бермайдиган ёқилғи аниқланган.
Инспекция ҳисоботида қайд этилишича, 26 ноябр—2 декабр кунлари 90 та АЁҚШдан олинган 191 та намуна таҳлил қилинган. Натижада 23 та ҳолатда жами 306 минг литрдан ортиқ нефт маҳсулоти амалдаги давлат стандартларига мос келмагани сабаб сотувдан олинган.
Йил бошидан буён ўтказилган кенг қамровли назорат чора-тадбирлари доирасида 632 та объект текширилган. Шуларнинг 210 тасида жами 8,57 миллион литр маҳсулот сифати бузилгани аниқланиб, уларнинг сотувга чиқишига йўл қўйилмаган. Инспекция бундай ҳолатлар нафақат бозордаги рақобатни, балки истеъмолчилар хавфсизлигини ҳам жиддий хавф остига қўјишини таъкидламоқда.
Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳам 70 та АЁҚШдан 146 та намуна олиб текширилган. Натижада 18 та ҳолатда 205 минг литрдан зиёд маҳсулот талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Ўзбекистонда президентнинг 18 ноябрдаги қарорига асосан 2025 йил 1 декабридан бошлаб АИ-80 бензини сотуви ҳам тўхтатилганди. Ушбу ишлар назоратига Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Экология қўмитаси масъул этиб тайинланган.
Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, энди сифатсиз маҳсулотдан фуқаролар саломатлигига зарар етса, мувофиқликни бахолаш органлари ҳам жавобгар бўлади. Мутасаддилар бу тартиб назорат механизмларини янада кучайтиришини қайд этмоқда.





