
Ўзбекистонда банк карталари сони 65 миллиондан ошди: «Халқ банки» етакчи
Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 65 миллион донадан ошди. «Халқ банки» ҳамон етакчи, лекин унинг карталари сони сезиларли камайди.

Марказий банк ҳисоботида акс этишича, 2025 йилнинг 1 ноябр ҳолатига Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 65 млн 44 минг донани ташкил этган. Бу кўрсаткич йил бошига (қарийб 62 млнта карта) нисбатан барқарор ўсишни акс эттиради.
Энг кўп картага эга банк ҳамон «Халқ банки» бўлиб қолмоқда. «Халқ банки»даги карталар сони 10,4 млн дона бўлиб, бу умумий улушда етакчиликни сақлаб турибди. Бироқ банкдаги карталар сони йил бошига нисбатан 2 миллионга камайган.
Иккинчи ўринда — «Агробанк» (6,6 млн дона карта, йил бошидан буён карталар сони 1,2 млнтага кўпайган). Учинчи ўринда эса «Ипотека банк» — 5,2 млн дона карта. Бу банк ҳам 600 мингта ўсиш кўрсатган.
Карталар сони бўйича кейинги ўринларда «Миллий банк» (4,3 млн), «TBC Bank» (4,2 млн), «Uzum Bank» (3,7 млн) ва «Hamkorbank» (3,6 млн) қайд этилган. Бу банкларнинг барчаси рақамли тўлов бозорида фаоллик намоён этмоқда.
Тўлов терминаллари сони бўйича етакчилар: «Hamkorbank» (51 346 та), «Миллий банк» (40 026 та), «Халқ банки» (38 297 та), «Ипотека банк» (35 820 та) ва «SQB» (30 941 та). Январ–октябр ойларида терминаллар орқали 359,9 трлн сўм тушум амалга оширилган.
Тўлов терминаллари орқали энг кўп тушум — 43,6 трлн сўм «Aloqabank» ҳиссасига тўғри келади. Банкомат ва инфокиосклар сони бўйича эса тўлов ташкилотлари (22 708 та) етакчилик қилмоқда. «Халқ банки» (3 113 та) ва «Агробанк» (1 969 та) эса ушбу инфратузилмада ҳам фаол иштирок этмоқда.




