Logo

Ўзбекистонда бепул дори олиш тартиби қандай ва давлат бунга қанча сарфлаяпти?

Бугун 14:106 дақиқа

Сурункали касалликларда дори харажати бир марталик эмас, беморлар уларни ойлар, ҳатто йиллар давомида мунтазам харид қилишига тўғри келади. Аммо Ўзбекистонда айрим дориларни давлат ҳисобидан бепул олиш имконияти бор. Ҳозир 12 турдаги касаллик бўйича 28 турдаги дори харажати давлат томонидан қопланади. Vaqt.uz бу имконият кимларга берилиши, дориларни қандай олиш ва дастур қандай натижа бераётганини ўрганди.

Ўзбекистонда бепул дори олиш тартиби қандай ва давлат бунга қанча сарфлаяпти? © Ijtimoiy tarmoqlar

Сурункали касалликларни даволаш кўпинча бир неча ой ёки йиллар давом этади. Бемор дориларни мунтазам қабул қилиши керак, аммо уларни доимий харид қилиш оилавий бюджетга оғирлик қилиши табиий. 

Бу каби харажатларни камайтириш ва беморларнинг даволанишни узлуксиз давом эттиришига ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистонда реимбурсация дастури йўлга қўйилган. Унга кўра, айрим касалликлар учун белгиланган дори воситаларининг қиймати давлат томонидан қопланади.

Реимбурсация дастурига қанча маблағ сарфланмоқда?

Бемор шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорини ҳамкор дорихонадан бепул олади. Дорихона харажатлари эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан тўлаб берилади.

Дастлаб реимбурсация дастури 2022-йилда Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилганди. 2023-йил 1-июлдан Тошкент шаҳрида ҳам ишга туширилди. Кейинги босқичларда дастур Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларига кенгайтирилди.

2026-йилда эса тизимни қолган вилоятларда ҳам йўлга қўйиш белгиланган. Режага кўра, шу йил охиригача реимбурсация дастури мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олиши керак.

Дастур ҳудудларини кенгайтириш билан бирга, уни молиялаштириш учун сарфланаётган маблағ ҳам ортмоқда. Хусусан, 2025-йилнинг якунида беморларни бепул дори билан таъминлаш учун 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлса, 2026-йилнинг дастлабки олти ойида бу кўрсаткич 154,5 миллиард сўмга етди.

Шу йилнинг январ–сентябр ойларида эса дорихоналар харажатларини қоплаш учун жами 248,2 миллиард сўм тўланди. Бу тўққиз ойлик харажат 2025-йил давомида сарфланган маблағдан қарийб 2,8 баравар кўп.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маълумотига кўра, 2026-йилнинг тўққиз ойида 1 миллион 312 минг 748 фуқаро бепул дори олган ва 5,9 миллион электрон рецепт расмийлаштирилган.

Сентябр ойида берилган дорилар ҳажми январ ойига нисбатан 52 фоизга ошган. Бу рақамлар дастур орқали берилаётган дорилар ҳажми йил давомида ортганини кўрсатади.

Қайси касалликлар учун қандай дорилар бепул берилади?

2026-йил октябр ҳолатига кўра, дастур 12 турдаги касалликни қамраб олган ва  28 хил дори воситаси бепул берилмоқда.

Масалан, 2-тур қандли диабет билан касалланган беморларга гликлазид, қалқонсимон без касалликларида эса калий йодид, тиамазол ва левотироксин натрий каби дорилар мўлжалланган. Қандсиз диабетни даволашда десмопрессин қўлланади. Қуйидаги жадвалда тўлиқ маълумотлар берилган:

№

Kasallik turi

Dorilar

1

Parazitlarga va protozoylarga qarshi vositalar

Albendazol

2

Qon va qon yaratish tizimi

Temir Fe (II) birikmalari, temir Fe (III) birikmalari, folat kislotasi

3

Qalqonsimon bez kasalliklari

Kaliy yodid, tiamazol, levotiroksin natriy

4

Qandli diabetning 2-turi

Gliklazid, metformin, empagliflozin

5

Yurak-qon tomir tizimi kasalliklari (Qon bosimini nazorat qilish)

Enalapril maleat, amlodipin, bisoprolol, verapamil

6

Yurak-qon tomir tizimi kasalliklari (Yurak faoliyati va xolesterin miqdorini nazorat qilish)

Izosorbid mononitrat, izosorbid dinitrat, atorvastatin, spironolakton, furosemid

7

Yurak-qon tomir tizimi kasalliklari (Tromb hosil bo‘lishining oldini olish)

Atsetilsalitsil kislotasi, klopidogrel, varfarin

8

Nafas olish tizimi

Salbutamol, ambroksol, prednizolon

9

Me’da-ichak tizimi kasalliklari

Omeprazol

10

Qandsiz diabet

Desmopressin

11

Sklerozlanuvchi panensefalit

Inozin pranobeks

Реимбурсация дастури доирасида рўйхатдаги дориларни 717 та дорихонадан бепул олиш мумкин. Маълумот учун,  ҳозирги кунда даавлат томонидан ажратилаётган маблағларнинг катта қисми юрак-қон томир, эндокрин ва қон яратиш тизими касалликларини даволашда қўлланадиган дори воситаларига тўғри келади.

Хусусан, юрак-қон томир касалликлари учун 71 млрд сўмдан ортиқ, эндокрин тизими касалликларига қарши дори воситалари учун қарийб 50 млрд сўм, қон яратиш тизими касалликларига қарши дори  учун эса 26 млрд сўмдан кўп маблағ сарфланган.

2027-йилдан эса давлат ҳисобидан бепул бериладиган дорилар рўйхатини 28 тадан 69 тага кенгайтириш режалаштирилган. Янгиланган рўйхатга онкологик ва руҳий касалликлар, сурункали жигар касалликлари, буйрак ва жигар етишмовчилигида қўлланадиган дори воситалари ҳам киритилиши кўзда тутилган. Шунингдек, диабет ва юрак-қон томир касалликларини даволашда ишлатиладиган дорилар рўйхати ҳам кенгаяди. Бу орқали кўпроқ беморлар зарур дориларни давлат ҳисобидан бепул олиш имконига эга бўлади.

Бироқ дастур доирасида бепул дори олиш учун беморлар белгиланган тартибга амал қилиши лозим. Шу ўринда савол туғилади.

Бепул дори олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Реимбурсация дастури орқали бепул дори олиш учун бемор, аввало, ўзи бириктирилган оилавий шифокорга мурожаат қилиши лозим. Шифокор беморни кўрикдан ўтказади ва зарур таҳлилларни тайинлайди.

Агар беморда аниқланган касаллик дастур рўйхатига кирса, шифокор тегишли дори воситаси учун электрон рецепт расмийлаштиради. Рецепт бўйича беморнинг телефон рақамига СМС-код юборилади.

Дорини шартномадаги дорихонадан олиш мумкин. Электрон рецепт расмийлаштирилгач, бемор Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган ўзига яқин дорихонага мурожаат қилади. Дорихонада бемор СМС-кодни кўрсатади ва рецептда белгиланган дорини бепул олади. Дори воситаси қиймати давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Рецептнинг амал қилиш муддатига эътибор бериш керак. Тасдиқланган рецепт бўйича дорини белгиланган муддатда олиш лозим. Агар рецепт 7 кун ичида ишлатилмаса, уни қайта расмийлаштириш талаб этилиши мумкин.

Соғлиғи сабабли поликлиникага бора олмайдиган беморларга уйида тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Бундай ҳолатда тиббий бригада беморни кўрикдан ўтказиб, зарур бўлса, электрон рецепт расмийлаштиради. Дориларни оила аъзолари ёки патронаж ҳамшираси орқали олиш имконияти ҳам мавжуд.

Дори воситаларини қабул қилиш муддати ва кейинги рецептни расмийлаштириш тартибини шифокор белгилайди.

Касалликларни назорат қилиш давлат харажатларини камайтирадими?

Сурункали касалликларни вақтида аниқлаш ва даволаш нафақат бемор саломатлиги, балки давлат харажатлари учун ҳам муҳим. Бепул дори бериш дастурининг иқтисодий самарасини учта йўналишда кўриш мумкин.

Биринчиси, шифохона харажатларини камайтириш. Қон босими ва қанд миқдорини назорат қилиш инфаркт, инсулт ва диабет асоратлари хавфини камайтиради. Бу эса тез ёрдам, реанимация ва узоқ муддатли даволаниш учун сарфланадиган маблағни тежашга ёрдам бериши мумкин.

Иккинчиси, инсон капиталини сақлаш ва ижтимоий харажатларни камайтириш. Сурункали касалликлар оғирлашиб, инсонни меҳнат қобилиятидан маҳрум қилиши ва ногиронликка олиб келиш эҳтимоли юқори.

1-октябр ҳолатига ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 миллиондан ошган. Уларнинг энг катта қисми эса 2-гуруҳ ногиронлиги бор шахсларга тўғри келган. Ҳозирги кунда уларнинг сони 690 минг 619 нафарни ташкил этади.

Бундан ташқари, сурункали касалликларни олдини олмаслик, нафақат беморнинг даромадини йўқотишига, балки давлат зиммасига узоқ муддатли ижтимоий тўловлар юкланишига ҳам сабаб бўлади.

Зарур дориларни вақтида қабул қилиш оғир асоратлар хавфини камайтириб, инсоннинг меҳнат қобилиятини сақлашга ва давлатнинг ижтимоий харажатларини чеклашга ёрдам беради.

Учинчиси, иқтисодий фаолликни сақлаш. Касаллик сабабли ишга чиқмаслик ёки вазифаларни тўлиқ бажара олмаслик корхона самарадорлигига таъсир қилади. Зарур дорилар билан таъминлаш беморларнинг иш фаолиятини давом эттиришига кўмаклашиб, иш кунлари йўқотилиши ва ишлаб чиқаришдаги узилишларни камайтириши мумкин.

Халқаро тадқиқот бепул дори таъминотининг иқтисодий самарасини кўрсатди. Канадада ўтказилган йирик  «CLEAN Meds»  клиник-иқтисодий тадқиқотида аниқланишича, беморларга сурункали касалликлар учун ҳаётий зарур дорилар реимбурсация дастури доирасида 100 фоиз бепул қоплаб берилганда, уларнинг шифохона ва реанимацияга тушиши кескин камайган. Натижада, дори харажатларини қоплаш соғлиқни сақлаш тизимининг умумий харажатларини ўртача 38 фоизга қисқартирган.

Бироқ реимбурсация дастурига ажратилаётган пуллар ҳар доим ҳам харажатларни камайтирмайди. Айрим сурункали касалликларда дорилар касалликнинг кучайишини секинлаштириш, асоратлар хавфини камайтириш ва беморнинг аҳволини барқарор сақлашга ёрдам беради.

Онкологик касалликлар, буйрак ёки жигар етишмовчилиги, руҳий касалликлар  каби мураккаб ҳолатларда эса даволаш узоқ давом этиши ва қўшимча тиббий муолажаларни талаб қилиши мумкин. Бундай вазиятларда дори билан таъминлаш касалликни тўлиқ даволашни кафолатламаса-да, беморнинг аҳволини назорат қилиш ва ҳаёт сифатини сақлашга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, 2027-йилдан кафолатланган тиббий ёрдам пакети доирасида бепул дори воситалари сони 69 тадан 73 тага, тиббий текширувлар турлари эса 36 тага етказилади.

Шунингдек, касаллик бошланганидан кейинги «олтин соат»да 855 нафар бемор эрта ўлим ёки ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган асоратлардан сақлаб қолинган. 2027-йилда дастурни барча туман ва шаҳарларда жорий этиш учун 280 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастурларига эса йилига 700 млрд сўм йўналтирилиши белгиланди.

Теглар

null null

Zilola Xolto'rayevaМақолалар сони: 49

Барчаси

Мавзуга оид

Ўзбекистонда бепул дори олиш тартиби қандай ва давлат бунга қанча сарфлаяпти? | Vaqt.uz