add

Ўзбекистонда бинолар фасадини ёнувчан материаллар билан қоплаш тақиқланади

02.12.2025 | 09:552392 дақиқа

Президент мамлакатдаги 44 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлигини текширишни буюрди.

Ўзбекистонда бинолар фасадини ёнувчан материаллар билан қоплаш тақиқланади

Ўзбекистонда биноларнинг ташқи деворларида ёнувчан материаллардан фойдаланишни қатъий тарзда тақиқлаш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни ўтказган йиғилишда бу борадаги хавфлар кучайганини таъкидлаб, қурилиш меъёрларини халқаро амалиётга мослаштириш зарурлигини қайд этди.

Йиғилишда айтилишича, мамлакат бўйлаб 44 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини комплекс ўрганиш топширилди.

Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизимини янада такомиллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларга тайёргарликни ошириш давлат раҳбарининг асосий талабларидан бири бўлди.

Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга янгиланган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини қонун даражасида мустаҳкамлаш, масъул мансабдорларнинг жавобгарлигини кучайтириш ва талабларни бузган ҳолларда қатъий назорат чораларини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлашни буюрди.

Коммунал ва бошқарув хизматларини мувофиқлаштириш ҳам йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Президент барча коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ягона диспетчерлик тизимига улаш, туманлар кесимида ишчи гуруҳлар тузиш ва профилактика ишларини кучайтириш вазифасини қўйди.

Мавзунинг долзарблиги сўнгги халқаро ва маҳаллий ёнғин ҳолатлари билан ҳам боғлиқ. Яқинда Ҳонконгдаги «Wанг Fuk Court» мажмуасида содир бўлган ёнғинда 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум қилинган. Ўзбекистонда ҳам бундай ҳолатлар кузатилган: 2015 йилда Тошкент марказида 12 қаватли уй фасади ёниб кетган, 2024 йил сентябрда эса Ўрмон хўжалиги агентлиги ва Тошкент давлат аграр университети биноларида ёнғин юз берган.

Мазкур воқеалар фасад материалларининг хавфсизлигини таъминлаш ва назоратни кучайтириш масаласини янада долзарб этиб қўйди.

Теглар

Мавзуга оид