add

Ўзбекистонда бир ойда қарийб 100 млрд сўмлик газ ва электр талон-торож қилинди

2025 йил октябр ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 200 га яқин ҳолат аниқланган.

Ўзбекистонда бир ойда қарийб 100 млрд сўмлик газ ва электр талон-торож қилинди

Октябр ойида Ўзбекистон бўйлаб энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш натижасида тизимга 99 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда «Oʻzenergoinspeksiya» матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йил октябр ойида ўтказилган кенг кўламли текширувлар давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 192 та ҳолат аниқланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 22,3 миллион kWh электр энергияси (63,9 миллиард сўм) ва 11,4 миллион куб метр табиий газ (35 миллиард сўм) ноқонуний ишлатилган. Умумий ҳисобда ушбу ҳолатлар бўйича 99 миллиард 15 миллион сўмлик зарар қайта ҳисобланган.

Шунингдек, текширувлар жараёнида энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 479 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Қоидаларни бузган истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Маълумот учун, 2023 йил июн ойидан бошлаб Ўзбекистонда электр, газ, иссиқлик ёки сув таъминоти тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш расман «ўғрилик» деб белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига киритилган ўзгаришларга кўра, бундай қилмиш учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки катта жарималар қўлланилиши мумкин. Оз миқдордаги ҳолатларда эса 10—20 баравар базавий ҳисоб миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг икки туманида жами 2,4 млрд сўмлик электр ва газ ноқонуний ишлатилган ҳолатлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда бир ойда қарийб 100 млрд сўмлик газ ва электр талон-торож қилинди | Vaqt.uz