Logo

Ўзбекистонда бойлар нархлар ошишидан энг кўп хавотирда

Бугун 17:383 дақиқа

Марказий банк ўтказган сўровномада даромади 30 млн ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари бошқаларга нисбатан энг юқори бўлди.

Ўзбекистонда бойлар нархлар ошишидан энг кўп хавотирда © ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил июн ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари май ойига нисбатан ўзгармасдан 10,1 фоиз даражасида қолди. Тадбиркорлар орасида ҳам бу кўрсаткич 9,9 фоиз бўлиб, ўтган ой билан солиштирганда деярли ўзгармаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.

Сўровда иштирок этган 3 785 нафар респондентнинг 56 фоизи инфляцияга энг катта босим коммунал хизматлар тарифларининг ошиши орқали юзага келади, деб ҳисоблайди.

Яна 46 фоизи ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, 27 фоизи эса транспорт харажатлари ўсишини асосий хавф сифатида қайд этган.

Шунингдек, иштирокчиларнинг 23 фоизи иш ҳақи ва нафақалар ошиши, 22 фоизи монополиялар ва нархларнинг сунъий оширилиши, 19 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши ҳамда яна 19 фоизи валюта курси ўзгаришини инфляцияга таъсир қилувчи омил сифатида баҳолаган.

1



Ҳудудлар кесимида аҳолининг инфляцион кутилмалари энг юқори Тошкент шаҳрида — 12 фоиз бўлган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (11,9 фоиз) ва Андижон вилояти (11,2 фоиз) жойлашган. Энг паст кўрсаткичлар эса Хоразм (8,4 фоиз) ва Навоий (8,5 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

2




Даромад ошган сари хавотир ҳам ортади

Энг юқори инфляцион кутилмалар ойига 30 млн сўмдан ортиқ даромадга эга аҳолида шаклланган бўлиб, улар келгуси бир йилда инфляция 16,5 фоизга етишини кутмоқда.

Ойига 10–15 млн сўм даромад топувчиларда ушбу кўрсаткич 12,5 фоиз, 15–20 млн сўм даромадга эга респондентларда эса 11,5 фоиз бўлган. Аксинча, ойига 2 млн сўмгача даромад олувчилар инфляцияни 8,2 фоиз даражасида баҳолаган. 2–4 млн сўм даромадли аҳолида бу кўрсаткич 9,5 фоиз, даромадга эга бўлмаган респондентларда эса 9,3 фоизни ташкил этган.

3



Касблар кесимида маиший хизматлар соҳаси вакиллари энг юқори инфляцион кутилмаларни билдирган — 13 фоиз. Кейинги ўринларда тиббиёт ходимлари (11,9 фоиз), пенсионерлар (11,7 фоиз), ташиш хизматлари соҳаси (11,3 фоиз) ва давлат ташкилотлари ходимлари (11,2 фоиз) қайд этилган. Банк-молия соҳаси ва талабаларда энг паст кўрсаткич — 8,9 фоиз кузатилган.

4



Тадбиркорлар ҳам нархлар ошишидан хавотирда


Марказий банк 1 911 нафар тадбиркор ўртасида ҳам сўров ўтказди. Уларнинг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 9,9 фоиз даражасида шаклланган.

Бизнес вакилларининг 58 фоизи коммунал хизматлар тарифлари ошишини энг катта хавф деб ҳисоблаган. Шунингдек, 51 фоизи ёқилғи ва энергия ресурслари нархи, 37 фоизи транспорт харажатлари, 24 фоизи иш ҳақи ва нафақалар ошиши, 23 фоизи хомашё қимматлашиши, 19 фоизи солиқ юки, 18 фоизи эса валюта курси ўзгаришини инфляцияга таъсир қилувчи омил сифатида кўрсатган.

5



Фаолият соҳалари бўйича инфляцион кутилмалар маданият ва санъат йўналишидаги корхоналарда энг юқори — 11,7 фоизи бўлди. Ундан кейин ташиш хизматлари (11,6 фоизи) ва қурилиш соҳаси (11,2 фоизи) жойлашди. Ишлаб чиқариш соҳасида эса энг паст кўрсаткич — 9 фоиз қайд этилди.

6



Ҳудудлар кесимида Жиззах вилоятидаги тадбиркорлар инфляцияни энг юқори баҳолаган — 11,4 фоиз. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри (11 фоиз) ва Сирдарё вилояти (10,9 фоиз) турибди. Энг паст кутилмалар Бухоро (8,1 фоиз), Навоий (8,5 фоиз) ва Наманган (8,9 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

7

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда бойлар нархлар ошишидан энг кўп хавотирда | Vaqt.uz