Logo

Ўзбекистонда кичик ва микро ГЭСлар қурилишини жадаллаштиришнинг янги тартиби ва имтиёзлари белгиланди

Бугун 19:553 дақиқа

Режалаштирилган 3 мингта кичик ва микро ГЭС қуриш дастурининг ижроси ортда қолаётгани ва Жаҳон банки маблағларининг ўзлаштирилиши сустлиги сабабли, инвесторлар учун лойиҳаларни амалга ошириш шартлари қайта кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда кичик ва микро ГЭСлар қурилишини жадаллаштиришнинг янги тартиби ва имтиёзлари белгиланди © flickr.com

Ўзбекистонда кичик ва микро гидроэлектр станциялари (ГЭС) тармоғини ривожлантириш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб этиш ва бюрократик тўсиқларни камайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда 2026 йил 19 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга соҳадаги навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан қилинган тақдимотда маълум қилинди.

Тадбиркорлар ва инвесторлар учун аниқ ҳамда барқарор шарт-шароит яратиш мақсадида эндиликда аукционларда лойиҳанинг бошланғич нархи билан бирга электр энергиясини харид қилиш тарифининг энг қуйи чегараси ҳам белгиланади.

«Тарифлар станция қувватига қараб табақалаштирилади. Мазкур янгилик аввалроқ «нол» қийматда ютиб олинган, аммо амалга оширилмай қолган лойиҳалар муаммосини ҳал этишга хизмат қилади», - дея хабар берилади тақдимот якунлари бўйича.

Бюрократик жараёнларни кескин қисқартириш мақсадида 100 киловаттгача бўлган микро ГЭСларни лойиҳалаш ва қуриш соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши тасдиқланди. Қуввати 50 киловаттгача бўлган лойиҳалар эса шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси ва давлат архитектура-қурилиш назоратидан тўлиқ озод этилади.

Шунингдек, қўшимча сув босимини ҳосил қилиш учун канал, дарё ва ўзанлар конструкциясига ўзгартириш киритишга рухсат берилади. Сув хўжалиги объектларида ўз эҳтиёжлари учун кичик ва микро ГЭСларни ҳеч қандай аукционсиз қуриш имконияти ҳам яратилади. Лойиҳалар учун жой танлашдан тортиб, уларни ишга тушириш ва эксплуатация қилишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олувчи ягона рақамли платформа жорий этилиши қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили қабул қилинган қарорга асосан хусусий сектор иштирокида жами 164 мегаватт қувватли қарийб 3 мингта кичик ва микро ГЭС қуриш режалаштирилган эди. Бироқ бугунги кунга келиб, жами қуввати 41,6 мегаватт бўлган бор-йўғи 64 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, бу умумий белгиланган қувватнинг атиги тўртдан бир қисмини ташкил этади. Тадбирда Жаҳон банки иштирокида ажратилган 150 миллион долларлик имтиёзли ресурслардан фойдаланиш жараёни ҳам суст кетаётгани танқид қилинган. Режадаги қарийб 3 мингта лойиҳадан ҳозиргача фақатгина 932 таси бўйича ташаббускорлар аниқланган, холос.

Импортга қарамликни камайтириш ва 2030 йилга мўлжалланган мақсадлар


Соҳадаги энг долзарб муаммолардан бири — импортга юқори даражада қарамликдир. Ҳозирги кунда кичик ва микро ГЭСлар учун зарур гидроагрегат ҳамда бутловчи қисмларнинг 90 фоизи хориждан олиб келинмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун шу кунгача 46 та кичик ва микро ГЭС қурган «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти тажрибасидан фойдаланилиши, тадбиркорларга лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва ускуналар етказиб бериш бўйича комплекс хизматлар кўрсатилиши таъкидланди. Маҳаллийлаштириш мумкин бўлган агрегатлар рўйхати шакллантирилиб, инвесторларга уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича аниқ таклифлар берилади, дейилади хабарда.

Мамлакатдаги дарё ва каналлар тармоғининг умумий узунлиги 173 минг километрдан зиёд эканини инобатга олиб, бетонлаштирилган каналларда станциялар қуриш учун улкан салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга ушбу объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва қўшимча лойиҳалар захирасини аниқлаш вазифаси юклатилди.

Умумий ҳисобда 2030 йилга қадар бундай станцияларнинг умумий қувватини 204,8 мегаваттга етказиш режалаштирилган. Бу орқали йилига 620 миллион киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Мазкур кўрсаткич 350 мингта хонадонни «яшил» энергия билан таъминлаш, йилига 187 миллион куб метр табиий газни тежаш ҳамда атмосферага 311 минг тонна карбонат ангидрид чиқарилишининг олдини олиш имконини бериши маълум қилинди.

Шу билан бирга, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб кичик қувватли «яшил» энергетика йўналишларида дуал таълим тизими жорий этилади. Энергетика корхоналари талабалар учун бевосита амалиёт базаси сифатида хизмат қилади.

Давлат раҳбари белгиланган лойиҳаларни жадаллаштириш, хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш, маблағлардан самарали фойдаланиш ва ускуналарни маҳаллийлаштириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид