Ўзбекистонда пицца бозори кескин ўсмоқда

Бугун 18:002 дақиқа

Ўзбекистонда пицца бозори 68 фоизга ўсди, даромад 400 млрд сўмга етди

Ўзбекистонда пицца бозори кескин ўсмоқда

Ўзбекистонда пицца бозори сўнгги йилларда жадал ривожланиб, 2025 йил якунларига кўра, энг йирик бешта тармоқнинг умумий тушуми қарийб 400 млрд сўмга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 68 фоизга юқори бўлиб, соҳадаги ўсиш суръати анча тезлашганини кўрсатади.

Мутахассислар таъкидлашича, пицца ҳали ҳам бургер, сендвич, лаваш ёки қовурилган товуқ маҳсулотлари сегменти даражасига етмаган. Бироқ унинг тез ўсиши бозор иштирокчилари ва инвесторлар диққатини жалб қилмоқда.

Технология ҳал қилувчи омил

Бозордаги ўсишнинг асосий сабабларидан бири — пицца тайёрлаш технологияларининг такомиллашуви бўлди.

Ўзбекистонда пицца 1990 йиллардан бери мавжуд бўлиб, у даврларда асосан секин хизмат кўрсатиш (casual-dining) форматида қабул қилинган.

Замонавий печлар ва конвеер тизимларининг жорий этилиши эса жараённи тубдан ўзгартирди. Ҳозирги кунда Тошкентда пицца ўртача 5–7 дақиқада тайёрланмоқда ва бу уни тўлиқ тез хизмат (quick-service) сегментига олиб кирди.

Бу ўзгариш маҳсулотга бўлган муносабатни ҳам ўзгартириб, уни оммавий ва тез истеъмол қилинадиган таомга айлантирди.

Рақобат кучаймоқда

Бозордаги энг ёрқин мисоллардан бири — “Bellissimo” тармоғи бўлиб, унинг филиаллари сони 80 тадан ошган. Бу кўрсаткич сўнгги икки йилда қарийб икки баробарга ошганини кўрсатади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон бозорида жаҳоннинг йирик пицца брендлари — “Papa John’s”, “Domino‘s” ва “Pizza Hut” ҳам фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси 2026 йилда янги филиаллар очиш ва ходимлар сонини оширишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, “Dodo Pizza” ҳам бозорда ўз позицияларини мустаҳкамлашга интилаётгани рақобатни янада кучайтириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 1 трлн сўмдан ортиқ даромад қилган илк фаст-фуд тармоғи пайдо бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид