Ўзбекистонда ёшлар катталарга қараганда кредитни кўпроқ кечиктириб тўлайди
Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда қарз олувчилар ёши ортиб бориши билан кредитни кечиктириш эҳтимоли пасайиб боради.

Марказий банк Кредитларни қайтаришни кечиктиришнинг хулқ-атвор ва иқтисодий омиллари ҳақида тадқиқот ўтказди.
Унда 2025 йил 1 декабрь ҳолати бўйича мамлакатдаги аҳолининг кредитлари таҳлил қилинган. Маълумотларга кўра, жисмоний шахсларда 217 трлн сўмдан ошиқ кредит бор. Бунда шартномалар сони 8,5 млн донадан ошса, 5 млн нафарга яқин ўзбекистонлик банкда қарз олган.
Таҳлиллар кредит тўловларини кечиктириш даражаси — кечиккан кредитлар сонининг жами кредитлар сонига нисбати ёш ва жинс кесимида анча фарқ қилишини кўрсатмоқда.

Қарз олувчилар ёши ортиб бориши билан кредитни кечиктириш эҳтимоли шунчалик пасайиб боради. Аёлларда ҳам кредитни кечиктириш эҳтимоли эркакларга қараганда пастроқ.
Кредит тўловларини кечиктиришнинг энг юқори кўрсаткичлари эркаклар орасида 20-25 ёш (22,8 фоиз) ва 25-30 ёш (20,9 фоиз) гуруҳларида қайд этилган. Аёллар орасида энг юқори кўрсаткич 20-25 ёш (13,3 фоиз) гуруҳида кузатилган.
Регулятор таъкидлашича, ёш гуруҳларидаги бу тенденция даромаднинг ўзгарувчанлиги, кредит тажрибасининг етишмаслиги ва хулқ атвор омиллари билан изоҳланади.
30 ёшдан бошлаб тўловларни кечиктириш даражаси пасайиб боради. 35-50 ёш орасида ўртача кечиктириш даражаси 14,8-15,5 фоиз атрофида барқарорлашади. 55 ёшдан юқори гуруҳларда эса бу кўрсаткич 12,5-13,2 фоиз даражасигача пасаяди.
Ўзбекистонликларнинг кредит кўрсаткичлари қандай?
2025 йилда Ўзбекистон аҳолиси банклардан 156,9 трлн сўмлик кредит олди. Ўтган йили аҳоли орасида кредит олиш сезиларли ошган — 49,9 фоизга. Таққослаш учун 2024 йилда ўсиш атига 4,4 фоизни ташкил қилганди.
Йил давомида банклар томонидан ажратилган кредитларнинг деярли ярми (45,8 фоиз) микроқарзлар бўлди. Аҳоли 71,8 трлн сўмлик микроқарз олди ва бу 2024 йилга нисбатан 56,7 фоизга ошди.
Иккинчи ўриндан ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ажратиладиган микрокредитлар жой олди — 28,5 трлн сўм (+63,5 фоиз).
Кейинги ўринларда истеъмол кредитлари (23,2 трлн сўм), автокредит (21,6 трлн сўм) ва ипотека кредити (21,2 трлн сўм) бормоқда.





