
Ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга саёҳат қилмоқда?
2025 йилда чет элга чиққан ўзбекистонликлар сони ошиб, энг кўп сафарлар қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келди.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон фуқароларининг хорижий саёҳатлари сезиларли даражада кўпайди. Миллий статистика қўмитасига кўра, ушбу даврда қарийб 7 миллион нафар ўзбекистонлик туризм мақсадида чет элга чиққан.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тахминан 1,3 миллион нафарга ёки 23 фоизга ошган. Ушбу ўсиш транспорт қатновларининг кўпайиши, визасиз режимлар кенгайиши ҳамда аҳоли даромадларининг босқичма-босқич ошиши билан изоҳланмоқда.
2025 йилнинг 11 ойида ўзбекистонликлар энг кўп сафар қилган давлатлар рўйхатида қўшни мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Жумладан, биринчи ўринни Қирғизистон эгаллаб, у ерга 3,1 миллион нафар фуқаро ташриф буюрган. Бу кўрсаткич савдо, қариндошлик алоқалари ва қисқа муддатли сафарлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Иккинчи ва учинчи ўринларда Қозоғистон (1,3 миллион нафар) ҳамда Тожикистон (1,2 миллион нафар) жойлашган. Ушбу давлатларга сафарлар ҳам асосан яқинлик ва чегаравий ҳаракатлар ҳисобига тўғри келмоқда.
Қўшни минтақадан ташқари, ўзбекистонликлар Россияга 399 минг нафар, Саудия Арабистонига 296,4 минг нафар ва Туркияга 251,1 минг нафар сафар қилган. Айниқса, Саудия Арабистонига борганлар сони зиёрат туризми ҳисобига юқори бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари (126,3 минг), Миср (61 минг), Хитой (46 минг) ва Ветнам (35,6 минг) ҳам TOП-10 рўйхатидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга 10,7 млн нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.





