
Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 44 млрд долларга етди
2025 йил октябр ойи бошида давлат қарзи қарийб 5 млрд долларга ўсиб, асосий кредиторлар Жаҳон банки ва ОТБ бўлиб қолмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43 млрд 969 млн долларга етди. Қарзнинг 36,7 млрд доллари — ташқи, 7,2 млрд доллари эса ички қарздан иборат. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд 884 млн долларга кўпроқ бўлиб, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32,3 фоизни ташкил этди. Ҳар бир фуқаро ҳисобига тўғри келадиган қарз миқдори 1154 долларга тенг бўлди.
Давлат қарзининг 84 фоизи ташқи манбалар ҳиссасига тўғри келса, ички қарз улуши 16 фоизни ташкил этмоқда. Ташқи қарзлар асосан қуйидаги йирик халқаро ташкилотлардан жалб қилинган:
Жаҳон банки — 8 млрд доллар;
Осиё тараққиёт банки — 7,5 млрд доллар;
халқаро инвесторлар (евробондлар) — 5,8 млрд доллар;
Хитой молия ташкилотлари — 3,7 млрд доллар;
Япония молия институтлари — 3,1 млрд доллар;
Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,7 млрд доллар;
Франция молия ташкилотлари — 1,2 млрд доллар;
Ислом тараққиёт банки — 932 млн доллар;
Корея молия институтлари — 740 млн доллар;
Халқаро валюта жамғармаси — 638 млн доллар;
Германия давлат банки — 491 млн доллар;
Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 426 млн доллар;
Бошқа молиявий ташкилотлар — 2,5 млрд доллар.
Умумий ташқи қарзнинг 47 фоизи (17,4 млрд доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга сарфланган. Қарз маблағларининг 16 фоизи (5,8 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 9 фоизи (3,2 млрд доллар) қишлоқ ва сув хўжалигига йўналтирилган. 8 фоиз (2,8 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, яна 8 фоиз (3 млрд доллар) уй-жой коммунал хўжалигига сарфланган.
Ташқи қарзнинг валюталар бўйича таркибида АҚШ доллари устуворлик қилади — умумий кредитларнинг 63 фоизи айнан долларда расмийлаштирилган. Қолган қисмнинг 12 фоизи сўмда, 8 фоизи еврода, 6 фоизи иенада ва 2 фоизи юанда тузилган.





