Logo

Ўзига кредит олишни тақиқлаган фуқаролар сони 2,5 миллионга етди

Бугун 16:492 дақиқа

Ўзбекистонда «Кредитга тақиқ» хизматидан фойдаланганлар сони ярим йил ичида қарийб олти баробарга ошди.

Ўзига кредит олишни тақиқлаган фуқаролар сони 2,5 миллионга етди

2026-йилнинг 1-июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 млн 574 минг нафар фуқаро ўз номига кредит расмийлаштиришни тақиқлаб қўйган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълум қилди.

Таққослаш учун, 2026 йил бошида мазкур хизматдан фойдаланувчилар сони 438 минг 322 нафарни ташкил этган эди. Демак, ярим йил ичида бу кўрсаткич қарийб олти баробарга ошган.

КАТМ маълумотига кўра, ўз номига кредит расмийлаштиришни чеклаганларнинг 58 фоизини эркаклар ташкил этади.

Ёш тоифалари бўйича таҳлил қилинганда, «Кредитга тақиқ» хизматидан энг кўп 26–36 ёш орасидаги фуқаролар фойдаланган. Улар барча фойдаланувчиларнинг 30 фоизини ташкил этади.

Иккинчи ўринда 26 ёшгача бўлган фуқаролар турибди. Шунингдек, 56 ёшдан ошган 232 минг 413 нафар фуқаро ҳам ўз номига кредит расмийлаштиришни чеклаб қўйган.

Хизмат қандай ишлайди?

«Кредитга тақиқ» хизмати 2025 йил июнь ойида онлайн молиявий фирибгарликларга қарши қўшимча ҳимоя механизми сифатида ишга туширилган.

Фойдаланувчилар «кредитга тақиқ» хизматидан онлайн ва офлайн шаклда мустақил равишда фойдаланиб, уни ёқиш ёки ўчириш имкониятига эга:

1) «КАТМ мобил иловаси орқали - «Оммабоп хизматлар» бўлимидан «Кредитга тақиқ» хизмати. Android | IOS

2) Кредит бюросининг веб-сайтида шахсий кабинет бўлимидан.

Call-марказ: (+998) 712034747, Телеграм: @katm_uz

3) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва унинг мобил иловаси орқали «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш» саҳифасидан фойдаланиш мумкин.

4) Юртимиз ҳудудида жойлашган барча Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам фаоллаштириш ёки ўчириш имконияти мавжуд.

«Кредитга тақиқ» — жисмоний шахсларга ўзларининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни тақиқлаш имконини беради.

Хизматдан фойдаланиш бепул тақдим қилинади.

Теглар

Мавзуга оид