add

Озиқ-овқат, ёқилғи ва иссиқлик: йил давомида ва сўнгги ойда нималар қимматлашди?

Кеча 19:002808 дақиқа

Ноябрда инфляция рекорд даражада пасайган бўлса-да, бозорда айрим маҳсулотлар қимматлашишдан тўхтагани йўқ. Vaqt.uz ой ва йил давомида қимматлашган товар ва хизматларни таҳлил қилди.

Озиқ-овқат, ёқилғи ва иссиқлик: йил давомида ва сўнгги ойда нималар қимматлашди?

Ўзбекистонда ноябрь ойида йиллик инфляция 0,3 фоизга пасайиб, 7,5 фоизни ташкил қилмоқда. Бу 2016 йил майдан буён рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, йиллик инфляция октябрда 7,8 фоиз, сентябрда эса 8 фоиз бўлган эди.

Умуман олганда, йиллик инфляция кузда кўп йиллик минимумларни янгилади. Хусусан, сентябрда 2024 йилдан бери, октябр ҳамда ноябрда эса 2016 йил майдан буён энг паст кўрсаткичлар қайд этилди.

Шу ўринда иқтисодчи Миркомил Холбоев декабр ойида катта эҳтимол билан йирик ўзгариш бўлмаслигини таъкидламоқда:

«Декабр ойида катта эҳтимол билан йиллик трендда йирик ўзгариш бўлмайди ва йиллик инфляция 7,5 фоиз атрофида шаклланса керак. Марказий банк ҳам кейинги йиғилишида прогнозларини яна қайта пасаювчи томонга кўриб чиқса керак», деб ёзмоқда М.Холбоев.

Марказий банк йил охиригача инфляцияни 8 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда эди, аммо рақамлар прогнозлардан кўра яхшироқ. 2027 йилга келиб эса 5 фоиз таргетга эришиш режасида:

«Биз кўрсатяпмиз, у камайди, дейяпмиз. Лекин ўзи неча бўлиши керак? Нол бўлиши ҳеч қачон тўғри эмас. Инфляциямизини 5 фоизга етказиш ва уни сақлаб қолиш мақсадимиз бор. 5 фоиздан паст бўлиши каби мақсадимиз йўқ. Биз учун шу 5 фоиз етарли деб ҳисобладик — иқтисодий ўсиш ва нарх барқарорлиги ўртасидаги балансни сақлаб қолиш учун», — деди Марказий банк раиси Темур Ишметов.

Инфляция рақамларда кетма-кет тушишда давом этса-да, ҳануз бозорда маҳсулотлар қимматлигича қолмоқда. Қуйида ноябр ойида нархлари ўзгарган маҳсулотларни Vaqt.uz ўрганиб чиқди.

Ноябр ойи инфляцияси

Ойлик инфляция эса октябрга нисбатан бирoз тезлашиб, ноябрда 0,7 фоиз бўлди. Шунингдек, нархларнинг ўсиш суръати 2024 йилнинг ноябрига нисбатан 0,2 фоизга камайди.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга, йиллик кўрсаткичда эса 5,9 фоизга кўтарилган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари октябр ойига нисбатан 0,5 фоизга, 2024 йил ноябрига нисбатан эса 5,3 фоизга қимматлашди. Хизматлар соҳасида нархлар бир ойда 0,3 фоизга, ўтган йил давомида эса деярли 14 фоизга ўсди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, ноябрь ойидаги нарх-наво ўзгаришини экологик муаммога олиб келган «энергокризис» фонидаги мавсумий қимматчилик, қаҳратон қиш яқинлиги ва тарифларнинг ўсиши белгилаб берди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари қандай ўзгарди?

Ноябрда юқори даражада қимматлаган 30 та маҳсулотнинг 17 таси озиқ-овқатлар, 9 таси эса ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Ноябрда қимматлаган асосий маҳсулотлар орасида тухум (+2,4 фоиз) етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, сут (+0,8 фоиз), ўсимлик ёғлари ва ун (ўртача +0,5 фоиз) сезиларли даражада қимматлади.

Гўшт нархи. Гўшт нархларида ҳам сезиларли ўзгариш кузатилди. Хусусан, бир ойда 1 килограмм мол гўштининг ўртача нархи, биринчи навбатда маҳаллий гўшт нархининг ошиши ҳисобига яна 1–1,5 минг сўмга кўтарилди. Октябрда эса республика бўйлаб 1 кило мол гўштининг ўртача нархи 2–3 минг сўмга қимматлаган эди.

Бундан ташқари, қўй гўшти 0,8 фоизга, суяксиз мол гўшти 0,5 фоизга ошган бўлса, парранда ва сон гўшти 1,2 фоизга арзонлаган.

Мева-сабзавотлар нархи. Мева-сабзавот маҳсулотлари орасида бодринг нархи деярли икки бараварга, помидор эса 82 фоизга қимматлашди. Булғор қалампири нархи 61,2 фоизга, бақлажон — 51,7 фоизга кўтарилди. Қизиғи, ўтган ойда ҳам помидор, бодринг ва булғор қалампири нарх ўсишда бир-бири билан мусобақалашган эди.

Айни пайтда сабзи нархи чоракдан кўпроққа, лимон — 3 фоизга, пиёз — 2,5 фоизга арзонлашди. Аммо сентябр ойида бозорларда лимон (+52,6 фоиз), қовоқ (+11 фоиз) ва бақлажон (+22,3 фоиз) нархининг кескин ўсгани қайд этилган эди.

Йиллик ҳисобда эса лимон (+65 фоиз), сабзи (+14,5 фоиз), карам (+13,8 фоиз), бодринг (+14 фоиз) ва сут (+7 фоиз) нархлари ҳам сезиларли даражада ошди. Гуруч нархи йиллик кўрсаткичда 17 фоизга пасайди. Ун деярли 6 фоизга, шакар — 4,6 фоизга арзонлашди. Бақлажон ноябр ойидаги нарх сакрашига қарамай, ўтган йилга нисбатан 11,5 фоизга арзонроқ қолмоқда.

Кийим ва пойабзаллар. Қишки кийимлар, хусусан куртка ва пальтолар, этиклар сезиларли ошган. Ой давомида қишки кийимлар 2,4 фоизгача, қишки пойабзаллар эса 1,1 фоизгача қимматлагани қайд қилинган. Маълумот учун, август ойида, яъни янги ўқув йили бошланиши олди кийим-кечаклар нархи сезиларли ошган эди.

Хизматлар соҳасида нарх-наво ўзгариши

Ноябрда 231 та товар ва хизматларнинг нархи олдинги ойга нисбатан секинлашган. Октябрда 196 та товар ва хизматларда нарх ўсишининг секинлашиши кузатилган эди. Бундан ташқари, хизматлар октябрда йиллик ҳисобда 8,7 фоизга қимматлашган эди. Охирги бир йилда нархи юқори даражада ўсган 30 та маҳсулотнинг 15 таси айнан хизматлар соҳасига тегишли.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида иссиқлик таъминоти тарифлари ошди. Бир ой ичида иситиш нархи ўртача 7,3 фоизга, иссиқ сув таъминоти эса 9 фоизга кўтарилган. Йил бошидан буён бу кўрсаткичлар мос равишда 11,5 фоиз ва 11,9 фоизга етди.

Бундан ташқари, икки ҳудудда автотураргоҳ хизматлари ҳам қимматлашди. Бу ўртача нархларни 2,8 фоизга оширган (йил бошидан — 16,2 фоиз). Курйерлик хизматлари бир ойда 1,3 фоизга, озиқ-овқат етказиб бериш эса 0,5 фоизга кўтарилиб, йил давомида мос равишда 18,3 фоиз ва 6,4 фоизга ошган.

Ички ва халқаро авиарейслар чипталари эса аксинча, бироз арзонлашди — бир ойда 1,1 фоизга. Бироқ йиллик ўсиш даражаси ички рейсларда 54 фоиз, халқароларда 4,4 фоизни ташкил қилмоқда. Узоқ масофали поездлар бўйича саёҳат нархлари ҳам 0,2 фоизга пасайган (йил бошидан — 7,3 фоизга камайган).

Эслатиб ўтамиз: октябрдан бошлаб Тошкент ва атроф шаҳарларда электр поезд йўл ҳақи оширилди. Умуман республика бўйлаб транспорт хизматлари 2,5 фоизга қимматлашди: шаҳар автобустларида йўл ҳақи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автобустларда 1,1 фоиз ошган эди.

Умумий овқатланиш хизматлари нархлари 0,4–0,7 фоизга ошди, меҳмонхона хизматларида эса деярли ўзгариш кузатилмади. Репетиторлик хизматлари нархи бир ойда 0,5 фоизга кўтарилиб, йиллик ўсиш 6,9 фоизни ташкил қилди. Тил курслари ҳам 0,6 фоизга қимматлашди (йиллик ўсиш — 7,8 фоиз). Октябрда ҳам таълим соҳасида бироз нархлар ошиши қайд этилган эди: репетиторлик хизмати +1,1 фоиз, чет тиллари курслари +0,5 фоиз, хусусий болалар боғчалари +0,4 фоиз қимматлаган.

Стационар ва амбулатор даволаниш хизматлари нархи 0,3 фоизга, йил бошидан эса мос равишда 7,5 ва 6,7 фоизга ошган. Шу билан бирга, пул ўтказмалари нархи камайишда давом этмоқда. Хусусан, ноябр ойида 1,6 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 6,4 фоизга арзонлашган.

Саноат маҳсулотлари. Сўнгги ойларда ёқилғи маҳсулотлари, хусусан бензин ва пропан нархлари тўхтовсиз ошмоқда. Ноябрда бензин нархи 1,7 фоизга ошди. Йил бошидан нархлар 9,2 фоизга кўтарилди, умумий йиллик ўсиш эса 8,5 фоизни ташкил этди. Маркасига қараб ёқилғининг бир литри нархи:

  • AI-80 — 8 минг 500 – 9 минг 800 сўм (ўртача +1 фоиз);

  • AI-91/AI-92 — 10 минг 500 – 13 минг 300 сўм (0,4–0,6 фоиз);

  • AI-95/AI-98 — 12 минг – 18 минг сўм (+1 фоиз);

  • AI-100 — 20 минг 500 сўмгача (+0,6 фоиз).

    Метан ноябр ойида 0,2 фоизга арзонлашди, бироқ нархлар ўтган йилга нисбатан 30 фоиздан кўпроққа юқори. Бошқа томондан, пропан нархи 7,4 фоизга ошди ва ҳануз ўтган йилнинг ноябр ойига қараганда қарийб 21 фоизга арзонроқ.

Таққослаш учун, октябрда бензин нархи 1,5 фоизга, йил бошидан эса 7,4 фоизга қимматлашган эди. Пропан нархи октябрда 3,3 фоизга ошган. Метан ҳам ой ҳисобида 0,1 фоизга қимматлаган, аммо ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,5 фоизга ошди.

Қизиғи, глобал бозорда нефть нархи қулаётганига ва сўм долларга нисбатан мустаҳкамланишига қарамай, бензин ва пропан тўхтовсиз қимматламоқда. Бундан ташқари, Статистика қўмитаси эса фойдаланиш таъқиқланган AI-80 ҳали-ҳам инфляция ҳисоб-китобига киритмоқда.

Олтин ва доллар. Ноябрда сўм долларга нисбатан 122,92 сўмга, яъни 1 фоизга мустаҳкамланиб, 12 минг 292 сўм даражасига етди. Октябрда расмий доллар курси сўмга нисбатан 0,35 фоизга, сентябрда 3,3 фоизга, августда 0,9 фоизга, июлда эса 0,5 фоизга пасайган эди.

Марказий банк аҳолига таклиф қилаётган олтин қуймалари нархи ноябр ойида 3,1 фоизга ошди (октябрда ҳам шунча ўсиш бўлган). Халқаро олтин нархлари — London Fixing кўрсаткичлари бўйича — 3,6 фоизга (йиллик ўсиш 5,4 фоиз) кўтарилиб, бир унция учун 4 минг 159 долларни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар қандай?

Ноябр ойида энг юқори ойлик инфляция Тошкент шаҳрида кузатилди — нархлар ўртача 1 фоизга ошган. Аксинча, мамлакатнинг 11 та ҳудудида ўсиш атиги 0,6 фоиз, Қорақалпоғистон ва Жиззах вилоятларида эса 0,7 фоизни ташкил этди.

Йил бошидан бери нархлар энг кўп Қорақалпоғистонда (6,9 фоиз), ҳамда Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида (6,8 фоиз) ошган. Жиззахда инфляция 5,7 фоиз, пойтахт ва Қашқадарёда эса 6,1 фоиз бўлган.

Йиллик инфляция даражаси бўйича Қорақалпоғистон (8,1 фоиз) ва Фарғона (8 фоиз) энг юқори кўрсаткични қайд этди. Жиззах вилояти эса 6,8 фоиз билан энг паст кўрсаткичга эга бўлди.

Октябр ойида эса энг юқори ойлик инфляция Андижон вилоятида қайд этилган эди. Энг паст кўрсаткич эса етти ҳудудда: Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кузатилиб, 0,5 фоизни ташкил этганди.

Ноябрда ўтган ойга нисбатан қимматлаган 30 та товар ва маҳсулот рўйхати:

Товар ва хизматлар

Ўтган ойга нисбатан нарх ўзгариши

1

Янги узилган бодринг

196

2

Янги узилган помидор

182,2

3

Янги узилган булғор қалампири

161,2

4

Бақлажон

151,7

5

Узум

112,1

6

Иссиқ сув таъминоти учун ҳақ тўлаш

109

7

Анор

107,9

8

Шахсий транспорт воситалари учун пропан

107,4

9

Марказий иситиш учун ҳақ тўлаш

107,3

10

Қовоқ

105,4

11

Олма

104,7

12

Мандарин

104,5

13

Шафтоли

103,7

14

Янги узилган тарвуз

103,4

15

Янги узилган қовун

103,4

16

Нок

102,9

17

Автомобил тўхташ жойлари хизматлари

102,8

18

Товуқ тухуми

102,4

19

Эркаклар учун қишки куртка

102,4

20

Ўғил болалар учун шимлар, жинси шимлар

102,1

21

Театрлар хизматлари

101,9

22

Эркаклар учун свитер, жемпер, пуловер

101,7

23

Қиз болалар учун қишки куртка

101,7

24

Аёллар учун свитер, жемпер, пуловер

101,7

25

Бензин

101,7

26

Янги узилган ёки совутилган кўкатлар (укроп, петрушка...)

101,6

27

Ўғил болалар учун свитер, жемпер, пуловер

101,6

28

Какао ичимлиги

101,5

29

Тузланган ёки маринадланган бодринг

101,5

30

Эркаклар учун шимлар, жинси шимлар

101,4

Йил давомида нималарнинг нархи ошди?

mirkonomika 1

Манба: Миркономика

Иқтисодчи Миркомил Холбоев эса 2025-йилнинг 11 ойида нархи энг юқори ўсган товар ва хизматларни таҳлил қилди.

«Троллейбус йўл ҳақи 11 ойда 2 баробар ошган, лекин масалан истеъмолчиларнинг аксарияти фойдаланиши эмас, ҳатто мавжудлигини ҳам билмайдиган хизматни истеъмол саватида қолаётганлиги қанчалик маънога эга? Балки бошқа мос хизмат билан биргаликда бериш орқали янги маҳсулотларни истеъмол саватига қўшиш керакдир», — дейди Холбоев.

Шунингдек, йил бошидан буён лимон (97,3 фоиз), ҳайдовчиликка тайёрлаш курслари (58,9 фоиз), ички ҳаво транспорти (53,9 фоиз) каби товар ва хизматлар нархида юқори ўсиш кузатилган.

11 ой давомида нархи юқори ошган товар ва хизматларнинг 2 таси ноозиқ-овқатлар, 6 таси озиқ-овқат товарлари ҳамда қолган 12 таси хизматлардан ташкил топган.

mirkonomika 2

Манба: Микономика

11 ой давомида нархи энг юқори пасайган товар қовоқ бўлган. Қовоқ нархи йил бошидан буён 61,7 фоизга арзонлаган. Шунингдек,  янги узилган тарвуз  (-31,5 фоиз), булғор қалампири (-30,8 фоиз) каби товарлар нархида ҳам юқори пасайиш қайд этилган. 

20 та товар ва хизматлар орасида  битта хизмат (пул ўтказмалари учун ҳақ) ва битта ноозиқ-овқат товари бўлиб, қолган 18 та товар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Бу ҳолат мавсумий омиллар билан  изоҳланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалароқ Марказий банк ўрта муддатли истиқболда инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун пул-кредит сиёсатидаги қатъийликни сақлаб боришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 14

Барчаси

Мавзуга оид