
Пашинян: Арман-турк душманлигини КГБ шакллантирган
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян совет иттифоқи давридаги КГБ органлари Кавказдаги халқлар ўртасидаги душманлик тасаввурини мустаҳкамлаганини айтди. Баёнотдан Россия ТИВ вакили жазавага тушди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян совет разведка хизмати — КГБни арманлар, турклар ва озарбойжонликлар ўртасидаги душманлик кайфиятини шакллантирган асосий куч сифатида тилга олди. Унинг сўзларига кўра, бу фикрлар совет пропагандаси ва этник зиддиятларни сиёсий восита сифатида қўллаш сиёсатидан келиб чиққан.
«Биз “турк ўзгармайди” деймиз, улар эса шундай фикрни арманлар ҳақида айтади. Биз “Озарбойжонга ишонса бўладими?” дея иккиланамиз, улар ҳам худди шундай савол беришади. Бу КГБ агентлари шакллантирган дунёқарашдан озод бўлишимиз керак», — деди Пашинян 31 октябр куни журналистлар билан суҳбатда.
Унинг таъкидлашича, халқлар ўртасидаги кўп асрлик ишончсизлик совет иттифоқи даврида Москванинг Кавказ устидан назоратни сақлаб қолиш сиёсатидан келиб чиққан. Пашиняннинг фикрича, бу руҳият ҳануз минтақадаги муносабатларга таъсир кўрсатмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотга тезкор жавоб берди. Мария Захарова Telegram орқали қилган баёнотида КГБ «1915 йилги арман геноциди»дан қарийб 40 йил кейин, 1954 йилда тузилганини эслатиб, Пашинян сўзларини «тарихий жиҳатдан жоҳилона», деб атади.
Сўнгги икки йилда Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар кескин совиди. Арманистон Россияни чегараларини ҳимоя қилмаганликда ва КХШТ доирасидаги мажбуриятларини бажармаганликда айбламоқда.
2023 йилдаги иккинчи Қорабоғ урушида Озарбойжон арманлар томонидан ишғол этилган ўз ҳудудларини ҳарбий йўл билан қайтариб олишга эришган.
Шундан кейин Пашинян ҳукумати ташқи сиёсатни Россиядан узоқлаштириб, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Ҳиндистон билан яқинлашиш сиёсатини бошлади. 2025 йил 8 август куни Вашингтонда Доналд Трамп ташаббуси билан Арманистон ва Озарбойжон «TRIPP» — «Трамп йўли орқали халқаро тинчлик ва фаровонлик» келишувини имзолаган эди.





