
Пахта етиштирувчиларга ҳар тонна учун 1 млн сўмдан субсидия берилади
Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2025 йил ҳосилидан биржа орқали сотилган пахта хомашёсини реализация қилган қишлоқ хўжалиги субъектлари учун янги молиявий қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди.

Ҳукуматнинг 2025 йил 6 декабрда қабул қилинган 771-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги субъектларига 2025 йил ҳосилидан биржа савдолари орқали сотилган пахта хомашёси учун субсидия ажратиш тартибини белгилайдиган вақтинчалик низом тасдиқланди. Мазкур тартиб пахта етиштирувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Низомга кўра, пахта хомашёси етиштирган ва маҳсулотини биржа орқали сотган қишлоқ хўжалиги субъектларига ҳар бир тонна учун 1 миллион сўм миқдорида субсидия тўланади. Ушбу тартиб 2026 йил 1 январга қадар амал қилади, спот шартномалари бўйича эса муддат 2026 йил 1 апрелгача узайтирилган.
Пахта етиштирувчилар субсидия олиш учун бир марта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу улар маҳсулотни бир маротаба ёки бир неча босқичда сотганига боғлиқ эмас. Аризалар «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграциялашган платформасида яратилган шахсий кабинет орқали тақдим этилади.
Субсидия ажратилиши учун Агропортал ҳар ойнинг 10-санасида мувофиқ келувчи етиштирувчилар рўйхатини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига юбориб боради. Қарорга мувофиқ, тижорат банклари ажратилган маблағни 3 банк куни ичида етиштирувчининг 23410-ҳисобварағига ўтказиши шарт.





