Logo

Payme ярим йилда 206 млрд сўм фойда олди

Бугун 18:472 дақиқа

Компания даромадини 50,6 фоизга оширган бўлса-да, соф фойда ўсиши 23,6 фоизни ташкил этди. Иккинчи чоракнинг ўзида эса тушум кўпайишига қарамай, фойда бироз камайган.

Payme ярим йилда 206 млрд сўм фойда олди © Фото: Евгений Сорочин / Spot

Payme тўлов ташкилоти 2026 йилнинг биринчи ярмида 205,9 млрд сўм соф фойда олди. Бу компаниянинг молиявий ҳисоботида келтирилган.

Компания фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,4 млрд сўмга ёки 23,6 фоизга кўпайган. 2025 йилнинг биринчи ярмида Payme 166,6 млрд сўм фойда олганди.

Даромад эса фойдага қараганда икки баробардан тезроқ ўсди. 6 ойда Payme’нинг соф тушуми 50,6 фоизга кўпайиб, 492,7 млрд сўмга етди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 327,1 млрд сўм бўлган.

Бироқ даромаднинг тезроқ ўсиши компания фойда маржасининг пасайишига олиб келди. Payme 2025 йилнинг биринчи ярмида тушган ҳар 100 сўм даромаднинг қарийб 51 сўмини соф фойда сифатида сақлаб қолган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 41,8 сўмгача тушган.

Бунга, биринчи навбатда, хизматлар таннархининг даромаддан тезроқ ўсиши таъсир қилган. Таннарх 84,2 фоизга кўпайиб, 159,4 млрд сўмга етди. Натижада ялпи фойда 38,6 фоизга ўсиб, 333,3 млрд сўмни ташкил этди.

Payme’нинг бу даврдаги харажатлари 29 фоизга ошиб, 115,1 млрд сўмга етди. Бунда сотиш харажатлари 77,7 фоизга кўпайиб, 60,8 млрд сўмни ташкил этди. Маъмурий харажатлар эса аксинча, 33,8 фоизга камайиб, қарийб 24 млрд сўм бўлган.

Натижада компаниянинг асосий фаолиятдан олган фойдаси 44,2 фоизга ўсиб, 218,2 млрд сўмга етди.

Фойда солиғи харажатлари ҳам 2,7 млрд сўмдан 19,7 млрд сўмгача ошган. Шу сабабли солиқ тўлангунга қадар фойда 33,3 фоизга ўсган бўлса, соф фойда ўсиши 23,6 фоиз билан чекланган.

Иккинчи чоракда фойда камайди

Ҳисоботдаги кўрсаткичлар йил бошидан ҳисобланган. Биринчи чорак натижаларини айириб ташлаганда, Payme апрель—июнь ойларида 262,6 млрд сўм даромад ва 101,9 млрд сўм соф фойда олгани маълум бўлади.

Даромад биринчи чоракка нисбатан 14,1 фоизга кўпайган. Соф фойда эса 2,1 млрд сўмга ёки 2 фоизга камайган. Натижада чораклик соф фойда маржаси 45,2 фоиздан 38,8 фоизгача тушган.

Бунда иккинчи чоракдаги фойда солиғи харажатлари 17,8 млрд сўмни ташкил этган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич атиги 1,9 млрд сўм эди.

Payme бутун бошли 2025 йилда 390,1 млрд сўм соф фойда олганди. Компания июль ойида унинг 380 млрд сўмини ёки 97,4 фоизини дивидендга йўналтиришга қарор қилди.

Таққослаш учун, 2025 йили Payme рақобатчилари Paynet 395,1 млрд сўм (+40,3 фоиз) ва Click 375,8 млрд сўм (+27,3 фоиз) фойда олганди.

Payme тўлов ташкилоти TBC Uzbekistan экотизимининг бир қисми ҳисобланади. TBC Group тўлов ташкилотини 2023 йили тўлиқ сотиб олганди.

Ўшанда TBC Payme’нинг 49 фоиз улуши учун 55,7 млн доллар тўлаганди. Қолган 51 фоизлик улуш эса 2019 йили харид қилинган.

Теглар

Мавзуга оид