Пойтахтбанк кузатув кенгашининг барча аъзолари ваколати муддатидан олдин тугатилди
2025-йилда энг кам фойда олган банклардан бирининг кузатув кенгаши тўлиқ янгиланди. Янги таркибга Отабек Мустафоев раиси қилиб тайинланди.

Пойтахтбанк кузатув кенгашининг янги тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.
Қарор қилинишича, банк кузатув кенгашининг қуйидаги аъзоларининг ваколатлари муддатидан аввал тугатилди:
Ваҳобов Фаррух Абдурахимович — «Minor Tasty Foods» МЧЖ таъсисчиси
Муҳаммад Васем Хаята — «Al Maryah Community Bank» бошқаруви раиси
Мирзақулов Толибжон Олтинович — Jett.uz асосчиси
Баҳодиров Улуғбек Ходжитўраевич — «Humo» тўлов тизими бошқаруви раиси
Шокиров Фарҳод Мансур ўғли — «Qurilish Industriya hajmli Uy-Joy» МЧЖ бош директори
Фаррух Ваҳобов бу вақтгача банк кузатув кенгашига раислик қилиб келган. Шу билан бирга, Муҳаммад Васим Ҳаята ва Фарҳод Шокиров ҳам 2024-йил охиридан бери кузатув кенгаши аъзолари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Янги кузатув кенгаши таркиби қуйидагича 3 йил муддатга сайланди:
Мустафоев Отабек Садикович — «Finanex» МЧЖ директори
Ҳамдамов Сардор Бахтиёр ўғли — «Goods for Kids» МЧЖ директори
Сапаров Баҳодир Актамович — «Agat Credit» ММТ бош молия директори
Валид Жаафар — «DAS Holding гуруҳи» бош юрисконсульти
Сед Ҳасан Шаҳеряр — «Das Holding гуруҳи» бош молия директори
Бунда Отабек Мустафоев банк кузатув кенгаши раиси, Сардор Ҳамдамов эса раис ўринбосари этиб тайинланди.
Маълумот учун, Пойтахтбанк 2024-йилда БААнинг «Bond Investment Limited» компаниясига 10 млн долларга сотилган.
БАА компаниясига Пойтахтбанкнинг устав капиталини Марказий банк талаблари доирасида 500 млрд сўмга етказиш вазифаси ҳам юклатилган.
2021-йилда «Пойтахтбанк»ни Россиянинг «Экспобанк»ига сотиш бўйича келишув тузилган эди. Аммо кейинчалик санкциялар таъсири туфайли ушбу битим амалга ошмай, бекор қилинган.
Тарқатилган маълумотларга кўра, 2025-йилда банкнинг соф фойдаси 14,4 млрд сўмга камайиб, атиги 0,7 млрд сўмни ташкил қилган.





