add

Президент байрамда ўзбекистонликлар неча кун дам олишини белгилади

Президент фармони билан 2026 йилдаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди. Хусусан Янги йил байрамида кетма-кет 5 кун дам олиш куни бўлади.

Президент байрамда ўзбекистонликлар неча кун дам олишини белгилади

Ўзбекистон Президенти «2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, қуйидаги саналар қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди:

(а) 2025 йилда барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) 31 декабр – чоршанба;

(б) 2026 йилда:

(i) барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январь – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба;

(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь – шанба, 30 май – шанба, 31 декабрь – пайшанба.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилади.

Ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабр – шанба кунидан 31 декабр – пайшанба кунига кўчирилади.

Бундан ташқари, байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилган.

Фармонда “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилган.

Теглар

Мавзуга оид

Президент байрамда ўзбекистонликлар неча кун дам олишини белгилади | Vaqt.uz