Президент «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуасини очиб берди

Миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган, 35 гектар майдонни эгаллаган мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчалари сингари кўплаб бино ва иншоотларни ўз ичига олади.

Президент «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуасини очиб берди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳрида барпо этилган «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари ушбу мажмуа Фарғона вилоятининг нафақат маданий, балки иқтисодий ва туристик салоҳиятини ҳам оширишини қайд этди.

Президент ўз нутқида Фарғона вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш дастури изчил амалга оширилаётганини, ҳудудда саноат, таълим, тиббиёт, маданият ва IT соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Қўқон, Марғилон ва бошқа шаҳарлардаги янгиланишлар “Янги Ўзбекистон нафаси”нинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди.

Шу билан бирга, вилоят сўнгги йилларда халқаро миқёсдаги йирик тадбирлар марказига айланиб бораётгани қайд этилди. Қўқонда ҳунармандчилик фестивали, Риштонда кулолчилик анжуманлари ва ҳудудлараро форумлар мунтазам ўтказилаётгани бунинг яққол исботи сифатида келтирилди.

Мажмуа 35 гектар майдонда жойлашган бўлиб, у замонавий туризм ва миллий меъморчилик уйғунлигини намоён этади. Унда Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, музей, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва турли сервис объектлари жойлашган.

Президент таъкидлаганидек, мажмуа аввало Бурҳониддин Марғиноний меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у зиёрат туризмини ривожлантириш, миллий ҳунармандчиликни сақлаш ва янги авлодни маънавий жиҳатдан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда мамлакатда Самарқандда «Буюк ипак йўли» ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда «Арда Хива» маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази каби йирик объектлар барпо этилди. Ушбу лойиҳалар туфайли 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга қарийб 3 миллион сайёҳ ташриф буюриб, туризм экспорти 1,1 миллиард доллардан ошган.

Маълум қилинишича, қиймати 1,7 триллион сўм бўлган ушбу мажмуа икки босқичда қурилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар ва юзлаб савдо-сервис нуқталари барпо этилади. «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуаси нафақат Марғилон, балки бутун Фарғона водийси туризм харитасида янги босқични бошлаб беради.

Теглар

Мавзуга оид