Президент ғўзанинг 13 та навини ишлаб чиққан олимни мукофотлади
90 ёшни қаршилаган агроном Саидакбар Раҳмонқуловга «Меҳнат шуҳрати» ордени топширилди.

Кеча, 5-май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг ғўза физиологияси ва биокимёси лабораторияси мудири Саидакбар Раҳмонқулов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Фармонда қайд этилишича, олим Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини илғор инновациялар ва замонавий илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, хусусан, пахтачилик йўналишида муҳим тадқиқотларни амалга ошириб, янги навларни яратиш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, иқтидорли ёш олимларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан мукофотланган.
Саидакбар Раҳмонқулов ким?
Саидакбар Раҳмонқулов 1936-йил 5-май Қозоғистоннинг Сайрам тумани Сайрам қишлоғи туғилган. У Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факултетини тамомлаган. Ёш олим собиқ иттифоқ даврида Бутуниттифоқ ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим, Украина Фанлар академияси Ўсимликлар физиологияси институтида аспирант, Бутуниттифоқ ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтининг Ўсимликлар биокимёси лаборатория мудири сифатида ишлаган.
Раҳмонқулов мустақилликдан сўнг Ғўза селекцияси ва уруғчилиги институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институти бош директори, Тошкент давлат аграр университети «Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги» кафедрасида профессор бўлган. У 2014-йилдан бери Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири сифатида фаолият юритмоқда.
Илмий кашфиётлари
Саидакбар Раҳмонқулов илмий фаолияти давомида бир қанча янги навларни яратган. Улар қаторида «Истиқлол-14», «С-2118», «С-2120», «Манғит-1», «Манғит-2», «ССБ-Кластер-1» каби ғўза навлари шулар жумласидандир. Ушбу навлар саноатбоп ва сермойли бўлиб, тола чиқими 36-40 фоиз, сифати эса IV ва V тип талабларига тўлиқ жавоб беради. Олим умумий ҳисобда 13 та ғўза навларига патент олган.
Олимнинг олдинги мукофотлари
Раҳмонқулов бунгача ҳам бир неча бор давлат мукофотларига сазовор бўлган. Хусусан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони, «Меҳнат фахрийси» медали, «Қишлоқ хўжалиги аълочиси», «Мустақилликнинг 20 йиллиги», «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси», «1-даражали мураббий» кўкрак нишонлари шулар жумласидандир.





