add

Президент иштирокида 11 млрд долларлик энергетика лойиҳалари ишга туширилди

Энергетика соҳасидаги қатор йирик объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида 11 миллиард долларга тенг 42 та янги қувват ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилади.

Президент иштирокида 11 млрд долларлик энергетика лойиҳалари ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасидаги қатор йирик объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтмоқда. Унда қиймати қарийб 11 миллиард долларга тенг 42 та янги қувват ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилиши, шунингдек, яна 21 та йирик лойиҳа қурилишига старт берилиши маълум қилинди.

Маросимда таъкидланишича, мамлакатнинг турли ҳудудларида умумий қуввати 3 500 мегаватт бўлган 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станция ишга туширилади. Ушбу объектлар тўлиқ қувват билан ишлаганда йиллик электр ишлаб чиқариш 15 миллиард киловатт-соатга етади. Бу келгуси йилда «яшил» энергия ҳажмини 23 миллиард kWh'га етказиш имконини беради. Президентнинг таъкидлашича, бундай кўламдаги ишланмалар мамлакат аҳолисининг йиллик электр истеъмолини тўлиқ қоплаш имконини беради.

Янги қувватлар ишга туширилиши натижасида табиий газ истеъмоли қарийб 7 миллиард метр кубга камаяди, атмосферага чиқадиган зарарли моддалар миқдори 11 миллион тоннадан ортиқ қисқаради. Шу билан бирга, 1 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилаётгани маълум қилинди. Ушбу тизимлар юқори талаб даврларида қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электрни тармоққа узатиш имконини яратади.

Шунингдек, 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ишга топширилиб, бутун тизимнинг барқарор ва узлуксиз ишлаши таъминланади. Президент ўз нутқида келгуси беш йилда 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш, минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириш орқали юқори даромадли иш ўринлари яратилишини қайд этди.

Аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида «Янги Ўзбекистон» массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан зиёд энергия тежамкор хонадонлардан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, IT, сунъий интеллект ва «буюмлар интернети» йўналишидаги компаниялар фаолияти учун замонавий суперкомпьютер кластерлари ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.

Айни пайтда Саудия Арабистонининг «Data-volt» компанияси 3 миллиард доллар сармоя эвазига 500 мегаватт қувватли йирик дата-марказ барпо этиш ишларини бошлаган. Президент мазкур кенг кўламли ривожланишлар келгуси йилларда электр энергиясига бўлган талабни камида 1,5 баравар оширишини таъкидлади ва яқин келажакда амалга ошириладиган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Теглар

Мавзуга оид