
Президент Шаҳноза Мирзиёевага янги вазифа юклади
Ўзбекистонда 2026 йилдан ногиронлиги бўлган фуқаролар учун янги бандлик дастури бошланиши белгиланди.

2026 йилдан «Тенг имкон – инклюзив бандлик» лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида таъкидлади.
«Ҳамма эшитиб олсин, бундан буён даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестрида бўлмайди. Уларни қўллаб-қувватлашни давлат зиммасига олади», - деди президент.
Қайд этилишича, «Тенг имкон – инклюзив бандлик» лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш учун Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади.
Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бу вазифалар устидан назорат ҳамда вилоят ҳокимлари билан ижросини ташкил қилиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.





