
Қашқадарёда 4 нафар эгизак дунёга келди
Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи оилада 4 нафар эгизак қизалоқ туғилди. Шу билан оиладаги фарзандлар сони 9 нафарга етди.

Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида 4 нафар эгизак чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, эгизак қизалоқлар Китоб туманида яшовчи Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова оиласида туғилган. Улар аввалдан беш нафар қизни вояга етказаётган бўлиб, янги туғилган эгизаклар билан фарзандлар сони тўққиз нафарга етди.
Қайд этилишича, чақалоқлар кесарча кесиш амалиёти орқали муддатидан олдин туғилган. Улар тегишлича 1400 грамм, 1450 грамм, 1600 грамм ва 1400 грамм оғирликда дунёга келган. Ҳозирда қизалоқлар тиббий муассасада халқаро протоколлар асосида парвариш қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Тошкент шаҳрида ҳам 4 нафар эгизак чақалоқ туғилган эди.
Маълумот учун, 2025 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда 9 738 нафар эгизак туғилган.





