Logo

Қайси ҳудудларда кредит энг кўп вақтида тўланмайди?

Ўзбекистон бўйлаб кредитни ўз вақтида тўлаш кўрсаткичи сезиларли фарқ қилади. Энг “интизомли” қарз олувчи мақомини Навоий вилояти эгаллаб турибди.

Қайси ҳудудларда кредит энг кўп вақтида тўланмайди?

2026 йил I чорак якунларига кўра, Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши умумий кредит портфелига нисбатан 3,2 фоизни ташкил қилмоқда. Бироқ ҳудудларга қараб кредитни ўз вақтида тўлаш кўрсаткичи фарқ қилмоқда.

1 апрел ҳолати бўйича банкларнинг кредит портфели 623,3 трлн сўмга етди. Бунда муаммоли кредитлар (NPL) улуши 19,9 трлн сўм ёки 3,2 фоиз бўлди. Очиқ маълумотлар порталида муаммоли кредитлар кўрсаткичи ҳудудлар кесимида жойлаштирилган.

Муаммоли кредитлар (NPL, Non-Performing Loans) — қарз олувчи белгиланган муддатда асосий қарз ёки фоиз тўловларини бажармаётган кредитлар ҳисобланади. Одатда 90 кундан ортиқ муддати ўтган кредитлар муаммоли кредит сифатида таснифланади.

Унга кўра, Сурхондарёда ўз вақтида қайтарилмайдиган кредитлар улуши бўйича 6,2 фоиз билан етакчилик қилмоқда.

Кейинги ўринни Андижон вилояти эгаллади. Бу ҳудудда муаммоли кредитлар улуши 5,8 фоизни ташкил этган. Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 4,1 фоиз, Фарғона вилоятида 3,9 фоиз ва Жиззах вилоятида 3,4 фоиз бўлиб турибди.

rasm

Telegram: @bankmijoz

Пойтахтда муаммоли кредитлар улуши Ўзбекистондаги ўртача даражадан бироз пастроқ бўлиб, 3 фоизни ташкил этмоқда. Бироқ Тошкент шаҳри банкларнинг энг йирик кредит портфелига эга ҳудуд бўлгани сабабли, муаммоли кредитларнинг мутлақ ҳажми энг катта ҳисобланади.

Шаҳарда жами кредит портфели 284,7 трлн сўмни, муаммоли кредитлар эса 8,55 трлн сўмга етган. Бу барча муаммоли кредитларнинг деярли 43 фоизига тенг.

Мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан паст натижа қайд этилган ҳудудлар қаторига Қорақалпоғистон (2,8 фоиз), Наманган (2,7 фоиз), Қашқадарё (2,7 фоиз), Самарқанд (2,5 фоиз), Сирдарё (2,5 фоиз), Хоразм (2,4 фоиз), Бухоро (2,2 фоиз) ва Навоий (1,9 фоиз) кирди.

Навоий вилояти кредитни ўз вақтида қайтариш бўйича энг яхши кўрсаткичга эга. Бу вилоят аҳолисини энг “интизомли” қарз олувчи дейиш мумкин.

Банклар кесимида вазият қандай?

1 июн ҳолатига кўра, банклардаги муаммоли кредитлар бўйича вазият ёмонлашган. I чоракка нисбатан умумий кредитларга нисбатан NPL кўрсаткичи 3,7 фоизгача кўпайди.

NPL улуши давлат банкларида ўртача 4 фоизни, хусусий банкларда 3,2 фоизни ташкил қилади. Garant bank (13,9 фоиз) ва TBC Bank (10,4 фоиз) энг юқори муаммоли кредитлар кўрсаткичига эга.

Умуман олганда, 2026 йилда қайтарилмаётган кредитлар сезиларли кўпаймоқда. Йил бошидан бери уларнинг миқдори 18,1 трлн сўмдан 23,6 трлн сўмга, улуши эса 3 фоиздан 3,7 фоизга ошди.

Кредит портфели кичиклиги сабаб Uzum Bank ва Octobank’да муаммоли кредитлар умуман йўқ.

Теглар

Мавзуга оид