
Қирғизистон сомга боғланган миллий стейблкоинни ишга туширди
Лойиҳа халқаро криптобозорларга чиқиши кутилмоқда.

Қирғизистонда сомга боғланган KGST миллий стейблкоинини чиқариш ва Марказий банкнинг рақамли валютаси (CBDC)ни синовдан ўтказишни бошлаш режалари эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди, дея ёзмоқда Fintech&Retail нашри.
Қайд этилишича, 24 октябр куни давлат раҳбари виртуал активлар ва блокчейн технологияларини ривожлантириш бўйича Миллий кенгаш йиғилишини ўтказган. Унда «барқарор танга»ни ишга туширишга техник тайёргарликни таъминлашни ва уни халқаро крипто-биржаларда листинг қилиш имкониятини кўриб чиқишни топширилган. Бундан ташқари, идораларга икки ой ичида давлат криптовалюта захирасини яратиш бўйича таклифлар тақдим этиш вазифаси юкланган.
«Йиғилишда Binance асосчиси Чанпэн Чжао (CZ) иштирок этди. У 26 октябр куни стейблкоин лойиҳаси BNB Chain блокчейнида ишга туширишга тайёр эканини ва рақамли сом пилотини яқин келажакда ишга тушириш режалаштирилаётганини тасдиқлади», - дейилади хабарда.
Чжаонинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати криптозахира яратиш механизмини ишлаб чиқмоқда. Унга BNB ва бошқа рақамли активлар киритилади. Келажакдаги воситалар — стейблкоин ва CBDC эса давлат ҳисоб-китоблари учун қўлланилади.
Шунингдек, у Binance лойиҳада миноритар инвестор сифатида қатнашаётганини ва миллий ташаббус доирасида маслаҳат ҳамда инфратузилмавий ёрдам кўрсатаётганини таъкидлади.
KGST стейблкоини Қирғизистон сомига 1:1 нисбатда боғланган ва Binance — BNBChain рақамли блокчейн платформасида ишлайди.





