
Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга етиб келди
Олий мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Қозоғистон президенти янги қурилган «Тошкент Ҳумо» аэропортига қўнган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.

14 ноябр куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабабр берди.
Олий мартабали меҳмонни аэропортда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Давлат раҳбарлари «Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида суҳбат ўтказдилар.
Суҳбатда Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф дастурига мувофиқ, эртага, 15 ноябр куни, олий даражадаги музокаралар ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Саммит доирасида йирик қўшма лойиҳалар ишга туширилиши ва икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.





