
Қозоғистон криптовалютани легаллаштириб, банк тизимини янгиламоқда
Қозоғистон молия секторини тубдан янгилайдиган янги қонун қабул қилди: криптовалюта легаллаштирилди, банклар учун талаблар қайта кўриб чиқилди, давлат пули тежалади.

Қозоғистон президенти мамлакат молия тизимида сўнгги беш йилда олиб борилган ислоҳотларни якунловчи «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги янги қонунни имзолади. Ҳужжат рақамли активларни қонуний мақомга эга қилди, кичик банклар учун талабларни юмшатди ҳамда муаммоли молия муассасаларини қутқаришни давлат эмас, уларнинг эгалари зиммасига юклайди.
Криптовалюта ва рақамли танга
Қонуннинг энг муҳим янгилиги — рақамли активларнинг расман тан олиниши. Қозоғистон ўзини минтақавий криптомарказ сифатида кўришни мақсад қилган.
Янги қоидаларга кўра, таъминланмаган рақамли активлар — криптовалюталар билан шуғулланувчи платформалар лицензияланади. Уларнинг фаолиятини рухсатлаш ва назорат қилиш ваколати мамлакат Марказий банкига берилади.
Шу билан бирга, қонун пул билан таъминланган рақамли молиявий активлар — стейблкоинлар тушунчасини жорий қилади. Уларни чиқариш тартиби ҳам Қозоғистон Марказий банки томонидан белгиланади.
Алоҳида эътиборга молик жиҳат — рақамли танга расман миллий валютанинг учинчи шакли сифатида тан олинди. Энди у нақд ва нақдсиз пуллар билан бир қаторда қонуний тўлов воситаси ҳисобланади.
Банклар учун янги имкониятлар
Янги қонун банкларга IT-сектор, электрон тижорат ва телекоммуникация компанияларига инвестиция киритишга рухсат беради. Бу молиявий супериловалар ва рақамли экотизимларни ривожлантиришга йўл очади.
Қонун рақобатни кучайтириш мақсадида банклар учун пропорционал тартибга солишни жорий қилади.
Йирик банклар тўлиқ лицензия асосида ишлайди ва қатъий талаблар ҳамда кучайтирилган назоратга дуч келади. Кичик банклар ва необанклар эса базавий лицензия олиши мумкин — улар учун капитал, ҳисобот ва текширув талаблари енгилроқ, аммо активлар ҳажми чекланган бўлади.
Ислом молиясига йўл очилди
Анъанавий банкларга энди ислом молияси хизматларини кўрсатувчи махсус бўлимлар — «исломий дарчалар» очишга рухсат берилди. Бунда шариатга мувофиқлик кенгаши ташкил этилиши ва алоҳида ҳисоб юритилиши шарт.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жаҳонда ислом молияси активлари 3 трлн доллардан ошиб кетган ва соҳада йиллик ўсиш 10–12 фоизни ташкил этмоқда.





