
Қозоғистон меҳнат бозори марказий осиёлик мигрантлар учун очилиши мумкин
Қозоғистонда амалга оширилаётган йирик давлат лойиҳаларида кадрлар танқислиги кучайиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси — Мажлис бош вазир Ўлжас Бектеновга юборган депутатлик сўровида меҳнат бозорида кутилаётган кадрлар танқислиги муаммосини кўтарилган. Депутатлар иқтисодиётдаги ўзгаришлар амалдаги меҳнат миграциясини тартибга солиш механизмларини қайта кўриб чиқишни талаб қилаётганини таъкидламоқда.
Сўровда сўнгги ўн йил ичида мамлакатда юридик шахслар сони қарийб 49 фоизга ошгани, асосий ўсиш кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилган. Бироқ депутатлар фикрича, бизнес фаоллигининг ўсиши доим ҳам барқарор ва узоқ муддатли иш ўринлари яратилишига олиб келмаяпти.
Алоҳида эътибор йирик давлат лойиҳаларига қаратилган. Иссиқлик электр станциялари, атом электр станцияси қурилиши, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун минглаб малакали мутахассислар талаб этилади. Депутатлар ички меҳнат ресурслари бундай ҳажмдаги эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмаслигини истисно қилмаяпти.
Меҳнат ресурсларини ривожлантириш маркази прогнозларига кўра, 2025–2035 йилларда Қозоғистон иқтисодиётига қарийб 3 миллион ёлланма ишчи керак бўлади. Улардан 813 минг нафарини ишчи касб эгалари ташкил этиши мумкин. Энг катта талаб саноат ва қурилиш соҳаларида кутилмоқда.
Депутатлар кадрлар тақчиллигини бартараф этишнинг икки асосий сценарийсини кўрсатмоқда. Биринчи йўл — иш ҳақини ошириш, кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш ва ички меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш. Бу усул ташқи ишчи кучига боғлиқликни камайтирса-да, кўпроқ вақт ва маблағ талаб қилади.
Иккинчи вариант — меҳнат миграциясидан фаол фойдаланиш. Қозоғистон Марказий Осиёда энг юқори иш ҳақи даражасига эга мамлакат сифатида хорижий ишчи кучи учун жозибадор бўлиб қолмоқда. Бироқ депутатлар мигрантларнинг катта қисми ноқонуний ишлаётгани коррупция ва яширин бандликни кучайтираётганини таъкидлаган.
Шу сабабли сўровда миграцияни кенгайтириш эмас, балки уни қатъий тартибга солиш таклиф этилган. Хусусан, тармоқлар бўйича квоталар жорий этиш, иш берувчилар жавобгарлигини ошириш, солиқ ва интеграция механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё давлатлари инвестиция оқимининг асосий қисми Қозоғистон бизнесининг Ўзбекистондаги лойиҳаларига тўғри келаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.





