
Қозоғистон Россия электр энергиясининг асосий харидорига айланди
2025 йилда Россия электр энергияси экспортида Қозоғистоннинг улуши 60 фоизга етди, Хитойга етказиб бериш эса кескин қисқарди.

2025 йилда Россия электр энергияси экспорти географиясида жиддий ўзгаришлар кузатилди ва Қозоғистон ушбу ресурснинг энг йирик харидорига айланди. Натижада Россиядан экспорт қилинган электр энергиясининг қарийб 60 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди, бу эса тахминан 4,5 миллиард kW/hни ташкил этди.
Аввалроқ Россия учун асосий ташқи бозор Хитой бўлиб келган. Бироқ Узоқ Шарқ минтақасида генерация қувватларининг етишмаслиги сабабли Россия энергетика тизими аввалги ҳажмларни таъминлай олмади. Шу омил таъсирида 2025 йилнинг 11 ойи давомида Хитойга етказиб берилган электр энергияси ҳажми 63 фоиздан ортиққа қисқариб, атиги 298,5 миллион kW/hни ташкил этди.
Хитой бозоридаги пасайиш Россияни экспорт оқимларини қайта тақсимлашга мажбур қилди. Бу жараёнда Қозоғистон энг барқарор ва ҳажман катта йўналиш сифатида шаклланди.
Қозоғистондан ташқари, Россия электр энергиясининг асосий истеъмолчилари сифатида Мўғулистон (13 фоиз), шунингдек Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқ минтақаларидаги давлатлар қолмоқда. Хусусан, Гуржистон ва Туркияга етказиб бериш ҳажмлари барқарор сақланмоқда.
Айни пайтда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги электр энергияси савдоси ўзаро характер касб этган. Кундузги соатларда Россия Қозоғистонга энергия етказиб беради, тунда эса Қозоғистон электр станцияларида ишлаб чиқариш ортиб кетган пайтда, электр энергияси тескари йўналишда Россия томонга узатилади.
Аввалроқ Қозоғистонда электр энергияси учун максимал тарифлар 7 йил давомида — 2026 йилдан 2032 йилгача оширилмаслик лойиҳаси кўриб чиқилётган эди.





