Logo

Қозоғистонда асосий ставка пасайди

Қозоғистон Марказий банки инфляция суръатларининг пасайиши ва иқтисодий шароит яхшиланиши ортидан асосий ставкани 18 фоиздан 17 фоизгача туширди.

Қозоғистонда асосий ставка пасайди © inbusiness.kz

Қозоғистон Марказий банки асосий ставкани 18 фоиздан 17 фоизгача пасайтирди. Қарор мамлакатда инфляция кўрсаткичларининг изчил секинлашиши фонида қабул қилинди.

Май ойида ойлик инфляция 0,7 фоизни ташкил этиб, апрель ойига нисбатан 0,1 фоиз бандга пасайган. Йиллик инфляция эса 10,4 фоизгача тушиб, 2025 йил сентябрида қайд этилган юқори даражадан 2,5 фоиз бандга паст шаклланган.

Шу билан бирга, базавий инфляция ҳам май ойида 0,7 фоизни ташкил этиб, нархлар ўсишидаги босим аста-секин юмшаётганини кўрсатди. Марказий банкнинг фикрича, ушбу тенденция пул-кредит сиёсатини енгиллаштириш учун шароит яратмоқда.

Реал курс таъсири

Марказий банк баёнотида тенгенинг реал валюта курсига алоҳида урғу берилмаган бўлса-да, таҳлилчилар ушбу омилни инфляциянинг пасайишидаги муҳим сабаблардан бири сифатида баҳоламоқда.

Энергия ресурслари нархларининг ўсиши Қозоғистон экспорт даромадларини кўпайтириб, миллий валютанинг мустаҳкамланишига хизмат қилди. Натижада импорт маҳсулотлари арзонлашиб, ички бозордаги инфляцион босим сусайди.

Фақат март ойининг ўзида тенгенинг реал курси 4 фоизга мустаҳкамланган. Йил бошидан буён мазкур кўрсаткич 6,6 фоизга ўсган. Бу эса инфляциянинг янада секинлашиши учун қўшимча омил сифатида кўрилмоқда.

Прогнозлар яхшиланди

Қозоғистон Марказий банк йил якунида инфляция даражаси 9–11 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилмоқда. Илгари бу кўрсаткич 9,5–11,5 фоиз деб баҳоланган эди. Шу билан бирга, инфляциянинг бир хонали рақамларга тушиши эҳтимоли ҳам сақланиб қолмоқда.

Нефть нархи бўйича прогнозлар ҳам қайта кўриб чиқилди. Энди ўртача йиллик нарх 66 доллардан 90 долларгача оширилди. Бу иқтисодий ўсиш прогнозларининг 1 фоиз бандга яхшиланишига сабаб бўлди. Шунингдек, аввал кутилган жорий операциялар ҳисоби дефицити ўрнига ЯИМга нисбатан 0,1 фоизлик профитсит прогноз қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда асосий ставка 14 фоиз даражасида. Ўзбекистон Марказий банки сўнгги марта асосий ставкани 2025 йил мартда 0,5 бандга ошириб, 14 фоиз даражасига етказган ва шундан буён ўзгаришсиз сақланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид