Қозоғистоннинг биринчи АЭСи қанчага тушиши маълум бўлди

Станция Олмаота вилоятида қурилиши режалаштирилмоқда. АЭС қурилиши бўйича консорциум етакчиси сифатида «Росатом» танланган.

Қозоғистоннинг биринчи АЭСи қанчага тушиши маълум бўлди © ixbt.kz

Қозоғистоннинг биринчи атом электр станциясини қуриш қиймати тахминан 16,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг Атом энергияси бўйича агентлиги маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, маблағнинг асосий қисми — қарийб 14,4 миллиард доллар — энергия блокларини қуриш ишларига йўналтирилади. Қолган 2 миллиард доллар эса инфратузилма объектлари, хавфсизлик тизимлари ҳамда кафолат даври учун зарур ёқилғи таъминотига сарфланади.

Станция Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғида барпо этилади. Лойиҳани амалга ошириш учун тузилган консорциумга «Росатом» етакчилик қилмоқда. Айни пайтда қурилиш майдонида муҳандислик ва қидирув ишлари давом этмоқда.

Узоқ муддатли лойиҳа

Қозоғистон ва Россия 2025 йилда мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси қурилишини бошлаган эди. Лойиҳани тўлиқ ишга тушириш 2035–2036 йилларга режалаштирилган.

Расмий Остона келажакда жами учта атом электр станциясини қуришни мақсад қилган.

Энергетика режалари

Атом энергетикаси лойиҳалари билан бир қаторда Қозоғистон анъанавий генерация қувватларини ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Мамлакатнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий дастурига мувофиқ, саккизта янги электр станцияси ишга туширилади ва яна 11 та мавжуд станция модернизация қилинади.

Теглар

Мавзуга оид