«Рақамли ботқоқ» ёхуд маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни инқирозга етаклаётган ичимликлар маркировкаси

16.04.2026 | 11:258 дақиқа

Ўзбекистон иқтисодиётида турли хил экспериментлар ва «инновацион» ислоҳотлар, одатда, эзгу мақсадлар — хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида бошланади. Бироқ, амалиёт кўпинча қоғоздаги чиройли режалардан кескин фарқ қилади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга муаммолар яратиш билан тугамоқда.

«Рақамли ботқоқ» ёхуд маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни инқирозга етаклаётган ичимликлар маркировкаси © SI asosida yaratilgan

Жорий йилнинг 1-апрелидан бошлаб сув ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилари учун мажбурий этиб белгиланган «агрегация» (йирик товар партияларини рақамли кузатиш) тизими бунинг яққол исботидир.

Гарчи бу қадам бозорни шаффофлаштириш воситаси сифатида тақдимот қилган бўлса-да, бугунги кунда бу тизим маҳаллий бизнес вакилларининг бўйнидаги сиртмоққа айланиб улгурди. Ишлаб чиқариш тезлигининг пасайиши, мантиқсиз даражада катта молиявий харажатлар ва логистикадаги коллапс оқибатида, бутун бир саноат жар ёқасига келиб қолди. Энг ёмони, ушбу «рақамли ботқоқ»нинг бутун молиявий юки охир-оқибат оддий истеъмолчилар — бизнинг чўнтагимизга тушмоқда.

 

Маркировка ва Агрегация ўзи нима? Идеал ва Реаллик тўқнашуви

Муаммонинг моҳиятини тушуниш учун, аввало, мураккаб молиявий ва техник атамаларни соддалаштириб олсак. Рақамли маркировка ва агрегация қандай ишлаши керак эди?

Идеал ҳолатда: Ишлаб чиқарувчи заводдан чиқаётган ҳар бир сув ёки шарбат идишига махсус QR-код (Asl Belgisi) ёпиштиради. Юзлаб идишлар битта қутига (блокка), қутилар эса поддонларга (паллетларга) жойланиб, уларга ҳам умумий код урилади — бу агрегация деб аталади. Юк машинаси заводдан чиқиб, улгуржи савдога (дистрибютор) келганда кодлар сканер қилинади ва тизимда товарнинг эгаси ўзгаради. Сўнг, маҳсулот чакана савдо дўконига етиб боргач, дўкондор ҳам уни тизим орқали қабул қилиб олади. Энг охирида, харидор сувни сотиб олаётганда кассада сканер қилинади ва ушбу код тизимдан бутунлай ўчади. Сиртдан қараганда жуда замонавий ва бенуқсон тузилма, шундай эмасми?

Реал ҳолатда эса вазият мутлақо бошқача. Ўзбекистон бозорининг ўзига хос хусусияти шундаки, бизда савдонинг 90 фоизи йирик супермаркетларда эмас, балки одатий бозорлар, маҳаллалардаги кичик дўконлар ва дўкончаларда амалга оширилади. Битта юк машинаси кун давомида 40 та ана шундай майда дўконга мол тарқатади. Минглаб блок ичимликлар ичидан «фалон дўконга айнан фалон кодли сув тушиши керак» деган мажбурий талаб логистикани бутунлай барбод қилмоқда.

Бунга Ўзбекистондаги электр энергияси ва интернет тармоғидаги мунтазам узилишларни қўшсангиз, манзара янада ойдинлашади. Маҳалладаги кичик дўкондор (кўпинча оилавий бизнес бўлиб, кассада битта одам ўтиради) ҳар бир сувни қабул қилиш учун сканер қидириб, интернет ишлашини кутиб ўтирадиган даражада техник тайёргарликка ва ортиқча вақтга эга эмас.

Истеъмолга яроқлилик муддати ўтгач, маркировкаланган маҳсулотнинг айланмадан чиқариш муаммоси ҳам бор ҳали — «Asl Belgisi»да кодлар автоматик муомаладан чиқарилади,  «MySoliq»да эса корхоналар бу кодларни ўзлари битталаб ўчириб чиқишлари керак.

 

Бизнес фарёди: Миллионлаб долларлик харажат, пасайган тезлик ва узилган экспорт

Gazeta.uz нашри ушбу муаммо кўламини англаш учун бозорнинг йирик ўйинчилари — алкоголсиз ичимликлар ва сув ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари билан боғланган (мавзунинг ўта нозиклиги ва босимлар хавфи сабабли уларнинг номлари сир сақланди). Улар келтирган рақамлар ва фактлар соғлом ақлни шошириб қўяди.

Молиявий зарба: Маркировка тизимига ўтиш бизнес учун текинга тушмади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 30 миллион литрдан ошадиган компания вакилининг таъкидлашича, фақатгина ускуналарни сотиб олиш ва ўрнатиш учун 300 мингдан 500 минг долларгача маблағ сарфланган. Бундан ташқари, кодларнинг ўзи ҳам пуллик. Ишлаб чиқарувчи ҳар бир код учун олдиндан тўлов қилади. Техник хизмат кўрсатувчи интеграторларга эса ҳар ой камида 3000 доллар атрофида тўлов қилиш мажбур қилинган.

Логистика ва тезликдаги коллапс: Заводлардаги конвейер линиялари сув ва шарбатларни юқори тезликда қадоқлашга мўлжалланган. Маркировка ускуналарининг тез-тез бузилиши, дастурий таъминотдаги носозликлар (баъзан CRPT Turon тизими ишламай қолади) оқибатида ишлаб чиқариш самарадорлиги 20 фоиздан кўпроққа тушиб кетган.

Энг катта фожиа эса кўчада — тарқатиш жараёнида юз бермоқда.

«Илгари битта ҳайдовчимиз-доставкачи кунига 40 та дўконга бемалол мол тарқатар эди. Ҳозир у бу вақтнинг ярмини дўкондор билан бирга кодларни сканер қилиш, тизимдаги хатоликларни тўғирлаш ва тортишишга сарфламоқда. Натижада, кунига бор-йўғи 20 та дўконга улгуряпмиз. 10 та юк машинасидан 8-9 таси сканердаги хатолик сабабли молни дўконга топшира олмай, заводга қайтиб келмоқда», — дейди йирик ишлаб чиқарувчилардан бири.

Темир йўл вагонлари орқали маҳсулот жўнатиш эса умуман иложсиз ишга айланган, чунки фурадан вагонга ва вагондан яна фурага маҳсулотни ортишда юз минглаб кодларни қайтадан «агрегация» қилишнинг имкони йўқ.

Экспортдаги инқироз: Давлат раҳбарияти ҳар доим экспортни оширишга чақиради. Аммо маркировка тизими бунга ҳам болта урмоқда. Хорижий харидорлар Ўзбекистоннинг ички бозори учун мўлжалланган QR-кодларини ўз маҳсулотларида кўришни истамайди. Улар ўзларининг кодлари ёпиштирилишини талаб қилади. Тизим эса кодсиз товар чиқаришга рухсат бермайди. Иккита кодни устма-уст ёпиштириш эса сканерлашда муаммо туғдиради. Натижада, хорижий ҳамкорлар шартномаларни бекор қила бошлашган.

Бу кераксиз ва қўшимча чоралар ортидан нархлар ошиши муқаррар:

«Биз қўшимча ишчилар ёлладик, логистика чўзилди, ускуналарга пул сарфладик. Оддий математика: бу харажатларнинг барчаси маҳсулот таннархига қўшилади. Биз дўкон пештахтасидаги оддий сув ёки шарбат нархини камида 1000 сўмга қимматлаштиришга мажбур бўляпмиз. Бу эса савдонинг тушиб кетишига олиб келади», — деб куюнади тадбиркор.

 

Халқаро тажриба: Нега бутун дунё бу тизимдан воз кечган?

Хўш, бутун дунёда бу тизим қандай ишлайди? UzBev (Ўзбекистон ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси) раҳбари Алфия Мусинанинг Gazeta.uzʼда келтирилган фикрлари вазиятнинг қанчалик абсурд эканлигини кўрсатиб беради.

«Бизнинг ҳукумат ушбу тизимни Россиядан кўр-кўрона кўчириб олди. Бироқ, Россия бозори билан Ўзбекистон бозори ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. У ерда асосий савдо йирик, тизимлашган ритейл (супермаркетлар тармоғи) орқали амалга ошади, уларда ҳамма нарса автоматлашган. Бизда эса юқорида айтилганидек, бозорнинг 90 фоизи — бу ҳеч қандай электрон ҳисоб-фактурасиз, нақд пулга ишлайдиган 85 мингдан ортиқ майда савдо нуқталаридир», — дейди Мусина.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ичимликлар учун мажбурий рақамли маркировка тизими деярли ҳеч қаерда муваффақиятли ишламаган:

  • Бразилия бундай қонунни қабул қилиб, икки йил қийналгач, охири уни бекор қилган.

  • Туркия техник жиҳатдан буни амалга ошириш имконсизлигини англаб, қонунни бекор қилган.

  • Саудия Арабистони пилот лойиҳасини бошлаб, ҳеч қайси техник провайдер муаммони еча олмагач, безакогол ичимликларни бу рўйхатдан чиқариб ташлаган.

  • Бангладеш эса бутунлай прагматик йўл тутди: ҳукумат ҳисоб-китоб қилиб кўрди ва маркировкадан тушадиган фойдадан кўра, иқтисодиёт кўрадиган зарар (бюджет йўқотишлари) минг чандон кўплигини тушуниб, лойиҳани рад этди.

  • Россиядаги мавжуд тизим ҳам жуда кўплаб техник мураккабликлар ва ноаниқликларга эга.

Нима учун биз интернет тез-тез узилиб турадиган ва чироқ ўчиб турадиган ҳудудларимизда, жаҳоннинг энг йирик иқтисодиётлари эплай олмаган тизимни мажбурий қилмоқчимиз? Боз устига, бу тизим контрафакт (қалбаки маҳсулот)га қарши кураш учун ўйлаб топилган эди. Аммо сув ва шарбатларни қалбакилаштириш иқтисодий жиҳатдан умуман бефойда (биргина қадоқлаш линияси 3 миллион евро туради). Алкогол ёки тамаки маҳсулотларида контрафакт бор, лекин оддий сувда бу кўрсаткич нолга тенг. Чунки одамлар қайси сувни харид қилиб ичишни жуда яхши билишади, бир марта ёқмаган сувни қайтиб харид қилишмайди. Демак, тизим умуман мавжуд бўлмаган муаммо билан курашмоқда.

 

Абсурд жарималар: ҳалол ишлашга эмас, хуфиёна иқтисодиётга ундовчи қамчи

Бу машмашалардаги энг кулминацион нуқта — бу жазо чоралари. Давлат тизимни жорий қилгач, унга амал қилмаганлик учун шундай жарималар ўйлаб топганки, бу ҳар қандай тадбиркорнинг қонини музлатиб юборади.

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бу жарималарнинг математикасини ва мантиқсизлигини тушунтириб берди. Солиқ кодексига кўра, маркировка қоидаларини бузганлик учун корхонанинг охирги чоракдаги соф тушумидан (фойдасидан эмас, айнан тушумидан) 2 фоиз, бир йил ичида такрорланса 20 фоиз миқдорида жарима ундирилади.

Буни оддий тилда тушунтирамиз: Сиз ҳалол ва шаффоф ишловчи йирик заводсиз. Ўтган чоракда 100 миллиард сўмлик маҳсулот сотдингиз (шундан фойдангиз балки 5 миллиарддир, қолгани харажат). Логистика жараёнида минглаб қутилар ичидан битта дона шарбат идиши йўқолиб қолди ёки унга ёпиштирилган QR-код наклейкаси тушиб қолди. Кассада камомад чиқди. Тамом! Сиз биринчи сафар 2 миллиард сўм, иккинчи сафар эса 20 миллиард сўм жарима тўлайсиз.

Битта тушиб қолган қоғоз парчаси учун 20 миллиард сўм жарима тўлаш — бу корхонани кафолатланган тарзда касод бўлиш ва ёпилишга олиб келади.

Мурод Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, инсон омили сабабли бу тизимда хато қилиш эҳтимоли 99 фоизга тенг. Бундай абсурд жарима тадбиркорни «оққа чиқишга» ундамайди. Аксинча, унга: «Ҳалол ишлама, тушумларингни яшир, йўқса битта хато учун бор-йўғингдан айриласан», деган сигнални беради. Тадбиркорлар жарима суммасини камайтириш учун савдони яна хуфиёна тарзда, нақд пулда амалга оширишга мажбур бўлмоқда. Тизим ўз мақсадига тескари ишлаяпти.

 

Иқтисодчи фикри: Товонни ким тўлайди?

Бутун бошли саноатни издан чиқараётган бу ҳолатга мустақил экспертлар қандай баҳо бермоқда? Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов вазиятни жуда кескин, аммо ҳаққоний баҳолади:

«Бу бизнинг маъмурий-бошқарув тизимимиздаги аҳмоқгарчиликнинг навбатдаги кўринишидир. Ёки мен ноҳақдирман. Балки бу аҳмоқгарчилик эмас, балки қудратли шахсларга монопол ҳолатдан пул ишлашга халақит бераётган бизнесларни йўқ қилиш ва янги коррупцион «охурлар» яратишнинг онгли амалиётидир... Айтинг-чи, 20 фоизлик тушумдан олинадиган жаримадан бошқа қандай мантиқ топиш мумкин? Мен кўрмаяпман. Биз яна мамлакатимиз иқтисодиётига қандайдир хусусий инвестицияларни кутяпмизми?..»

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки: Рақамли маркировка ва агрегация тизими фақатгина завод директорларининг ёки дистрибюторларнинг муаммоси эмас. Техник хизмат кўрсатишга кетаётган миллионлаб долларлар, чегарада қайтиб келаётган экспорт, йўлда кунлаб қолиб кетаётган юк машиналари, вайрон бўлаётган асаблар — буларнинг барчаси охир-оқибат маҳсулот таннархига қўшилади.

Сиз, оддий истеъмолчи, ёзнинг жазирамасида чанқаб, кўчадаги дўкондан бир баклажка сув ёки фарзандингизга кичкина қадоқдаги шарбат сотиб олаётганингизда, аслида ўзингиз билмаган ҳолда ишламаётган, мантиқсиз ва бефойда бюрократик тизимнинг харажатларини ўз чўнтагингиздан тўламоқдасиз. Яъни, истеъмолчи сифатида «ҳомийлик» қилмоқдасиз.

Яқинда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Солиқ қўмитаси вакиллари тадбиркорлар билан учрашувда вазият ўнгланмагунча «вақтинча жарима қўлламасликни» оғзаки тарзда ваъда қилишди. Аммо бизнес оғзаки ваъдалар билан эмас, қонуний-ҳуқуқий кафолатлар асосида ишлайди.

Токи ушбу абсурд талаблар ва жарималар қонунчилик даражасида бекор қилинмас экан, Ўзбекистоннинг ичимликлар бозори «рақамли ботқоқ»қа ботишда давом этаверади.

Савол эса очиқ қолаверади: ҳукумат бозор ва истеъмолчи манфаатини танлайдими ёки самарасиз тизимнинг иллюзиясини?

Теглар

Мавзуга оид