
Рецептсиз дори сотганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин
Ўзбекистонда дори воситаларини ретсептсиз сотганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш бўйича таклиф тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда депутати Алишер Қодиров маълум қилди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров тelegram каналида ёзган фикрларида айрим дорихона ва дори бизнеси вакиллари учун катта даромад инсон соғлигидан устун қўйилаётганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, беморни «товар» сифатида кўриш амалиётига барҳам бериш вақти келган. Қодиров дори тайинлаш масаласида шифокорнинг хулосаси ҳал қилувчи бўлиши шартлигини қайд этди.
«Қанд касали бор инсонга битта яра чиқса, қанча азоб кўради. Бориб, уни бир марта даволатиш учун 5-6 миллион сўмлик дори ёзиб беришади. Беш миллионлик дорилар таркибини қарасангиз, ичида бадлар бор. Аслида сахарга баднинг алоқаси йўқ. Касални товарга айлантириш деган тушунчани Ўзбекистонда йўқ қилиш керак», дея фикр билдирган партия раиси.
Алишер Қодиров мамлакатда «миллат келажагини заҳарлаш»га чек қўйиш лозимлигини таъкидлаб, ретсептсиз дори савдосини тақиқлашга қарши турли қаршиликлар бўлишини олдиндан билдирди. Унинг айтишича, бу аввало дорини даромад манбаига айлантирган айрим виждонсиз шахслар манфаатига зид.
Депутатнинг билдиришича, қонунга риоя қилаётган фармацевтлар, шифокорлар ва тадбиркорлар ҳурматга лойиқ, бироқ назоратсиз савдо амалиётига барҳам бериш зарур. Шу муносабат билан ретсептсиз дори сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳақида аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, кучли таъсир қилувчи моддаларни ўз ичига олган дориларни ретсептсиз сотганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан (2 млн 60 минг) ўн бараваригача (4 млн 120 минг )жарима қўлланади.
10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туман/шаҳарларида дорихоналарда рецепт бўйича дори воситаларини фақат электрон рецептлар бўйича сотиш тизими йўлга қўйилди. Бу тизим жорий этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрда чиқарилган ва 12 декабрдан кучга кирадиган қарорида белгилаб қўйилган. 2026 йил охиригача янги тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш кўзда тутилган.





