Россия Марказий банки 2025-йилни 185 млрд рубл зарар билан якунлади
Россия регулятори бир йил аввалги рекорд даражадаги фойдадан сўнг яна молиявий йўқотишларга юз тутди: Марказий банкнинг 2025-йилги соф зарари 184,8 млрд рублни ташкил этди.

Марказий банкнинг йиллик ҳисоботига кўра, 2024-йилдаги 199,5 млрд рубллик фойдадан сўнг тизимда кескин пасайиш кузатилган. Бундай йирик зарар охирги марта 2022-йилда (720 млрд рубл) қайд этилган эди. Регуляторнинг тушунтиришича, салбий натижага кредит ташкилотларини қайта молиялаштириш ҳажмининг қисқариши ва юқори ставкали кредитлар улушининг камайиши сабаб бўлган. Оқибатда Марказий банкнинг фоизли даромадлари учдан бир қисмга камайиб, 801,8 млрд рублга тушди, ваҳоланки 2024-йилда бу кўрсаткич 1,2 трлн рублни ташкил этган эди.
Регуляторнинг умумий даромадлари 31,7 фоизга қисқариб, 942,2 млрд рублни ташкил этди. Хусусан, қимматли қоғозлар, хорижий валюта ва қимматбаҳо металлар билан боғлиқ операциялардан тушадиган фойда ҳам сезиларли даражада камайган. Бироқ, шуъба корхоналардаги иштирокдан олинган даромадлар 2,7 бараварга ошиб, 52,9 млрд рублга етди. Бу ўсишнинг асосий қисми Миллий тўлов карталари тизими (НСПК) ҳиссасига тўғри келди — у 46,6 млрд рубл даромад келтирган.
Харажатлар ва ходимлар сони
Марказий банкнинг умумий харажатлари 4,6 фоизга камайган бўлса-да, ходимларни сақлаш харажатлари 5,4 фоизга ошиб, 160,5 млрд рублни ташкил этди. Қизиғи шундаки, харажатлар ошиши фонида ходимларнинг ўртача сони 8 фоизга қисқариб, 40,2 минг кишига тушган. Яъни, ходимлар сони камайган бўлса-да, маош ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдори ошган.
Яна бир янги омил — лицензияси қайтариб олинган банклар бўйича 65,3 млрд рубллик захиралар яратилиши бўлди. 2024-йилда бундай харажатлар мавжуд эмас эди, бироқ 2025-йилда тўртта кредит ташкилоти ўз лицензиясидан маҳрум бўлди. Бу эса банк тизимидаги ички тозалаш ишлари регулятор учун қўшимча молиявий юк бўлиб тушаётганини англатади.
Активларнинг қисқариши
Банк Россия активлари йил давомида 2,5 фоизга қисқариб, 69,19 трлн рублни ташкил этди. Асосий камайиш хорижий валюта ва қимматбаҳо металлардаги активлар ҳисобига тўғри келган — улар 2,48 трлн рублга камайган. Бу жараён Россиянинг олтин-валюта захиралари таркибидаги ўзгаришлар ва халқаро санкциялар фонида активларни бошқариш мураккаблашаётгани билан изоҳланмоқда.
Экспертларнинг фикрича, Марказий банкнинг зарар билан чиқиши иқтисодиётдаги инфляцион босим ва пул-кредит сиёсатининг қаттиқлашуви билан боғлиқ. Регулятор ликвидликни тизимдан йиғиб олиш (абсорбция) учун катта маблағ сарфлаётган бир пайтда, даромад келтирувчи каналларнинг торайиши молиявий балансга салбий таъсир кўрсатмоқда. 2026-йил учун прогнозлар эса кўп жиҳатдан Яқин Шарқдаги уруш туфайли ошаётган нефт нархлари ва рубль курсининг барқарорлигига боғлиқ бўлиб қолади.





