add

Россия нефт маҳсулотлари экспорти 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди

Ғарб санкциялари ва Украина зарбалари оқибатида нефт маҳсулотлари экспорти октябр ойида суткасига 1,89 млн баррелгача қисқарди — бу уруш бошланганидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Россия нефт маҳсулотлари экспорти 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди

Bloomberg агентлигининг Vortexa Ltd. маълумотларига таяниб хабар беришича, Россия нефт маҳсулотлари экспорти 2025 йил октябрида рекорд даражада пасайди. Ҳисоботга кўра, ойнинг илк 26 кунида суткалик экспорт ҳажми 1,89 миллион баррелни ташкил этди — бу 2022 йил январидан буёнги энг паст кўрсаткичдир.

Экспорт қисқаришига асосий сабаб сифатида Украина ҳужумлари натижасида нефтни қайта ишлаш заводларининг фаолияти тўхташи ҳамда Ғарб санкцияларининг кучайтирилиши кўрсатилмоқда. Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми ҳам кескин пасайган — Bloomberg баҳолашича, октябрда бу кўрсаткич 4,86 миллион баррелга тушиб, сўнгги беш йилдаги энг паст даражага етди.

Август ойидан буён Украина кучлари камида 22 та нефт қайта ишлаш заводига зарба берган, айримларини қисман ёки тўлиқ ишдан чиқарган. Айниқса, Уст-Луга портига қилинган ҳужумлар Россия экспортига жиддий таъсир кўрсатган — бу ҳудуд мамлакат нефт ва нефт маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғини ташиш учун жавобгар.

Бундан ташқари, салбий об-ҳаво шароити ҳам портлар ишини қийинлаштирган. Шу билан бирга, дизел ёқилғиси экспорти оз бўлса-да ўсиш қайд этган — суткалик ҳажм 2 фоизга ошиб, 740 минг баррелга етган. Нефт экспорти 3 фоизга камайиб, 317 минг баррелга тушган, мазут эса 10 фоизга қисқариб, 710 минг баррелга етган.

Bloombergʼнинг ёзишича, сўнгги санкциялар тўғридан тўғри «Роснефт» ва «Лукойл»га қаратилган бўлиб, трейдерларни янги тўлов маршрутларини излашга мажбур қилмоқда. АҚШнинг янги санкциялари 21 ноябрдан кучга киради.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Украина зарбалари оқибатида нефтни қайта ишлаш суръати камида 2026 йилнинг ярмигача паст даражада қолади. Россиянинг 57 ҳудудида бензин танқислиги кузатилгани сабабли ҳукумат экспортга вақтинчалик тақиқ жорий этди, Беларусдан қўшимча харидлар бошлади ҳамда Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларидан ёқилғи импорт қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Россия нефт маҳсулотлари экспорти 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди | Vaqt.uz