add

Россия томонида жанг қилган фуқаро жазоланди

Россия—Украина урушида қатнашган андижонлик фуқарога Ўзбекистон суди шартли жазо тайинлади.

Россия томонида жанг қилган фуқаро жазоланди

Россия Федерацияси ҳудудида қамоқ жазосидан қутулиш эвазига ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога нисбатан Ўзбекистонда суд ҳукми ўқилди. Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди ишни кўриб чиқиб, айбланувчини жиноий жавобгарликка тортди.

Суд ҳужжатларига кўра, Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи И.Х. 2022 йил декабрь ойида ишлаш мақсадида Россияга борган. У Москва ва Челябинск шаҳарларида “Яндекс” платформаси орқали етказиб бериш хизмати билан шуғулланган. 2023 йил январ ойида эса гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят учун Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.

Челябинск шаҳар суди ҳукми билан И.Х. 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони ўташ даврида унга Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш орқали жазодан озод бўлиш таклифи берилган. 2024 йил август ойида у Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, оддий аскар сифатида ҳарбий хизматга киришган.

Айбланувчи 2024 йил август–сентябрь ойларида Донетск шаҳри атрофида бўлиб ўтган жангларда АК-74 ўқотар қуроли билан иштирок этган.

Жанглар вақтида снаряд портлаши оқибатида оғир тан жароҳатлари олган ва узоқ муддат Россия ҳарбий госпиталларида даволанган.

Суд-тиббий экспертизаси унинг умумий меҳнат қобилиятининг учдан бир қисмидан кўпроғини доимий йўқотганини тасдиқлаган.

2025 йил сентябрь ойида у

Ўзбекистон консуллик ҳужжатлари асосида Ватанга қайтган. Суд И.Х.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ жазо шартлига алмаштирилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид