Logo

Россияда банк тизими кутилмаганда инқирозга учраши мумкин — «Reuters»

2025-йилда 500 мингдан ортиқ россиялик банкрот деб эълон қилинган ва ҳозирда 13 миллиондан ортиқ одам камида учта кредитни тўламоқда.

Россияда банк тизими кутилмаганда инқирозга учраши мумкин — «Reuters»

Россия банк тизими «портловчи» инқирозга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги Европа мамлакатларидан бирининг махфий разведка ҳисоботига таяниб хабар берди.

Ҳужжат июнь ойида Европа Иттифоқининг 21-санкциялар пакети бўйича муҳокамалар олдидан Европа расмийлари учун тайёрланган. Ҳисобот муаллифлари Россия ҳукумати банкларни мудофаа саноати корхоналари, минтақавий ҳукумат лойиҳалари ва уй сотиб олувчиларга фаол равишда кредит беришга мажбурламоқда, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурлари ва қарзларни қайта тузиш эса молиявий хавфларнинг тўпланиб бораётганини яширмоқда, деб ҳисоблайди.

Ҳужжатда корпоратив кредитларнинг тахминан 10 фоизи муаммоли бўлиб қолгани ва баъзи йирик банкларда муаммоли чакана кредитларнинг улуши ўтган йили 15 фоизга етгани айтилган. Бундан ташқари, 2025 йилда 500 мингдан ортиқ россиялик банкрот деб эълон қилинган ва ҳозирда 13 миллиондан ортиқ одам камида учта кредитни тўламоқда.

Ҳисоботда айтилишича, банк секторига қарши янги санкциялар каби жиддий иқтисодий зарба молиявий инқирозга олиб келиши мумкин. Россия банки ҳужжат муаллифларининг хулосалари бўйича «Reuters» агентлигига изоҳ беришдан бош тортган.

Ўз навбатида, агентлик суҳбатлашган мутахассислардан бири иқтисодий пасайишга қарамай, давлат харажатларининг юқори даражаси ва молия тизими устидан назорат яқин келажакда банк инқирози эҳтимолини камайтиради, деб таъкидлади. Европа Иттифоқининг 21-санкциялар пакети июль ойи қабул қилиниши мумкин. Чекловлар тахминан 90 та Россия банкига, шунингдек, криптовалюта тармоқларига, дрон ишлаб чиқарувчиларига, нефть савдогарларига ва нефтни қайта ишлаш заводларига қаратилган бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг нефть экспорти рекорд даражага етганди. Чунки маҳаллий нефтни қайта ишлаш қувватларининг учдан бир қисмигача йўқотилиши компанияларни кўпроқ хом нефть экспорт қилишга мажбур қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Россияда банк тизими кутилмаганда инқирозга учраши мумкин — «Reuters» | Vaqt.uz