Logo

Россияда ўзбекистонликлар ўрнини ҳиндистонликлар эгаллаяптими? Рақамлар таҳлили

Бугун 08:004 дақиқа

Россияда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида виза талаб қилинадиган давлатлар фуқароларига берилган ишлаш рухсатномалари сони 21 фоизга ошди, Марказий осиёлик мигрантларга берилган патентлар эса қарийб 21 фоизга камайди. Москва Ҳиндистондан ишчилар жалб қилишни кенгайтираётган бир пайтда ўзбекистонликларнинг Россияга меҳнат миграцияси ҳам қисқариб бормоқда.

Россияда ўзбекистонликлар ўрнини ҳиндистонликлар эгаллаяптими? Рақамлар таҳлили

Россия меҳнат бозорида хорижий ишчиларни жалб қилиш сиёсати тубдан ўзгармоқда. Мамлакат ҳукумати ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида Ҳиндистон, Хитой, Индонезия ва бошқа виза талаб қилинадиган давлатлар фуқароларини кўпроқ жалб қилмоқда. Бу жараён Россия учун анъанавий меҳнат миграцияси манбаи бўлиб келган Марказий Осиё мамлакатларига ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Россиянинг «Аргументы и факты» нашри эълон қилган таҳлилида Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, йилнинг январ–сентябр ойларида визали давлатлар фуқароларига 215,3 мингта ишлаш рухсатномаси берилганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда 21 фоизга кўп.

Шу билан бирга, Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантларига берилган патентлар сони қарийб 21 фоизга камайиб, 1,1 миллионтага тушган. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларининг Россияга меҳнат қилиш мақсадида кириш кўрсаткичи эса 2,3 миллиондан 1,9 миллионгача қисқарган.

Россия Ҳиндистондан ишчилар жалб қилишни кенгайтирмоқда

Россиянинг хорижий ишчиларга бўлган эҳтиёжи фақатгина миграция сиёсатига боғлиқ эмас. Мамлакатнинг ўзида ҳам ишчи кучи танқислиги яққол сезилмоқда.

«Reuters» агентлигининг 2026 йил 11 февралдаги таҳлилида Россия ҳукумати баҳоларига таяниб, мамлакат иқтисодиётида камида 2,3 миллион ишчи етишмаётгани қайд этилган. Мақолада Украинадаги урушнинг меҳнат ресурсларига таъсири, рубл курсининг пасайиши, миграция қоидаларининг кучайтирилиши ва мигрантларга нисбатан салбий муносабат Марказий Осиёдан келадиган ишчилар оқимини сусайтирувчи асосий омиллар сифатида саналган.

Агентлик маълумотларига кўра, Россия Ҳиндистондан келган ишчиларни тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, маҳсулотларни қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда фаол ишга жалб қилмоқда. Нашрнинг ёзишича, Москва яқинидаги корхоналарда ҳиндистонлик ишчилар парда ва чойшаб тикиш, сабзавотларни саралаш ҳамда қадоқлаш ишлари билан банд.

Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров ҳам мамлакат иқтисодиёти хорижий ишчиларга муҳтож эканини таъкидлаган. «Reuters» келтирган баёнотга кўра, унинг ҳисоб-китобича, фақатгина қайта ишлаш саноатининг ўзига қўшимча 800 минг нафар ишчи талаб этилади.

Ҳиндистон меҳнат миграциясида етакчига айланмоқдами?

Россия ҳукумати 2026 йилда визали тартибда келадиган хорижий ишчилар учун жами 278 940 та ишлаш рухсатномаси ва айнан меҳнат фаолияти мақсадида киришга рухсат берувчи шунча миқдордаги таклифнома квотасини тасдиқлаган. Бу 2025 йилдаги 234 960 талик квотага нисбатан 18,7 фоизга кўп.

Москвадаги «Сколково» бошқарув мактаби ва «Интруд» компанияси тадқиқотига таяниб, «РИА Новости»дан иқтибос келтирган «Ритм Евразии» нашри 2026 йил учун Ҳиндистон фуқароларига 90 384 та, Хитой фуқароларига эса 89 057 та квота ажратилганини ёзган. Ушбу ҳисоб-китобга кўра, Ҳиндистон визали давлатлар орасида биринчи ўринга чиқиб олди.

Россия ҳукуматининг 2025 йил 28 ноябрдаги 1920-сон қарорида 2026 йил учун мўлжалланган умумий визали ишчилар квотаси тасдиқланган.

Ҳиндистондан ишчи кучи жалб қилиш бўйича икки мамлакат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Россия ва Ҳиндистон ҳукуматлари 2025 йил 4 декабрда вақтинчалик меҳнат фаолияти тўғрисидаги келишувни имзолаган эди. Россия президенти Владимир Путин 2026 йил 12 октябрда уни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Келишувга кўра, ушбу тартиб асосида ишлаётган чет эл фуқароларининг иш ҳақи ва меҳнат шароитлари мезбон давлатнинг худди шундай лавозимда ишлайдиган маҳаллий фуқаролариникидан кам бўлмаслиги шарт. Қолаверса, ишчилар фақат рухсатномада кўрсатилган меҳнат вазифасини бажариши мумкин; бошқа ҳақ тўланадиган ишга ўтиш эса рухсатноманинг бекор қилинишига олиб келади.

Марказий Осиёдан келаётган ишчилар сони қанчага камайди?

«Аргументы и факты» нашри келтирган Россия Ички ишлар вазирлиги статистикасига кўра, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида Марказий осиёлик мигрантларга берилган меҳнат патентлари сони қарийб 21 фоизга камайиб, 1,1 миллионтани ташкил қилган. Худди шу даврда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларининг меҳнат қилиш мақсадида Россияга кириш кўрсаткичи 2,3 миллиондан 1,9 миллионга тушиб кетган.

Марказий банкнинг Ўзбекистон меҳнат бозори бўйича 2026 йил II чорак таҳлилида ҳам Россияга меҳнат қилиш мақсадида бориш ҳолатлари камайгани қайд этилган. 2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон фуқароларининг Россияга ишлаш мақсадидаги киришлари тахминан 1,18 миллионтани ташкил этган, бу эса 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга кам.

Ўзбекистонликлар Россияни оммавий тарк этмоқдами?

Ўзбекистон Миграция агентлиги 2026 йил сентябр ойида эълон қилган маълумотларга кўра, хорижда меҳнат қилаётган жами 1,4 миллион нафар ўзбекистонликнинг 834,2 минг нафари айнан Россияда банд бўлган. Қолаверса, Европа давлатларида 258 минг, Қозоғистонда 84,4 минг, Туркияда 72,1 минг ва Жанубий Кореяда 46,4 минг нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Агентлик маълумотлари меҳнат миграцияси географияси тобора ўзгариб бораётганини яққол кўрсатмоқда. 2025 йилда МДҲ давлатларига ишлаш учун кетиш 29 фоизга камайган бўлса, Европа давлатларига чиқиш 42 фоизга, Осиё мамлакатларига эса 26 фоизга ошган.

Теглар