Logo

Россиядаги бензин тақчиллиги Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсата бошлади — «Bloomberg»

Бугун 10:002 дақиқа

Айрим давлатлар ёқилғи таъминотини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўрмоқда.

Россиядаги бензин тақчиллиги Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсата бошлади — «Bloomberg» © Gazeta.ru

Россияда бензин таъминоти билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиё мамлакатларида ҳам сезила бошлади. Россиядан импорт қилинадиган ёқилғига юқори даражада боғлиқ бўлган давлатлар таъминот хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» нашри хабар берди.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нефт маҳсулотлари барқарорлигини сақлаш мақсадида жорий ҳафтада минтақавий ҳамкорлари — Қозоғистон, Озарбойжон ва Туркманистондан ёрдам сўраган.

Ўзбекистонда эса бензин нархи кескин кўтарилган. Биржа маълумотларига кўра, июн ойи бошидан буён мамлакатда энг оммабоп АИ-92 бензинининг улгуржи нархи 11,8 фоизга ошиб, тоннаси 13,9 миллион сўмга етган. Шу билан бирга, биржада кунлик бензин таклифи ҳам қарийб икки баробар қисқарган.

Тақчилликнинг сабаби

Россияда бензин тақчиллиги нефтни қайта ишлаш заводларидаги узилишлар билан изоҳланмоқда. Бу узилишлар Украина дронлари ҳужумлари оқибатида юзага келган.

Июн ойи охирига келиб, Россия ҳудудларининг қарийб 90 фоизида ёқилғи тақсимоти чеклангани ёки таъминот билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Шу муносабат билан Москва 1 апрелдан бензин экспортини тақиқлади. Бироқ ҳукуматлараро битимлар асосида амалга ошириладиган етказиб беришлар мазкур чекловдан мустасно қолдирилган.

Шунга қарамай, минтақа мамлакатлари эҳтимолий узилишларга тайёргарлик кўришни бошлаган. Қирғизистон ҳозирча захиралар етарли эканини билдирган бўлса-да, қўшимча импорт сўровини эҳтиёт чораси сифатида изоҳлаган.

Минтақада хавотир кучаймоқда

Марказий Осиёнинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Қозоғистон ҳам ёқилғи оқимини назорат қилишни кучайтирди. Мамлакат айрим нефт маҳсулотларини темир йўл орқали экспорт қилишни тақиқлади ва чегараларда янги чекловлар жорий этди.

20 июн куни бош вазир Олжас Бектенов мутасаддиларга ички бозорда ёқилғи танқислигига йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўриш, жумладан чегара назоратини кучайтириш бўйича топшириқ берган.

Теглар

Мавзуга оид

Россиядаги бензин тақчиллиги Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсата бошлади — «Bloomberg» | Vaqt.uz