Россиянинг Украинадаги йўқотишлари 200 мингдан ошди

25.02.2026 | 08:252 дақиқа

Очиқ манбалар таҳлилига кўра, Украинада ҳалок бўлган Россия ҳарбийлари сони 200 186 нафарга етди, 2025 йил эса жанглардаги энг қонли йил бўлиши мумкин.

Россиянинг Украинадаги йўқотишлари 200 мингдан ошди

Украинадаги уруш давомида Россия қуролли кучларининг тасдиқланган йўқотишлари 200 186 нафарга етди. Бу ҳақда «BBC рус хизмати» ва «Медиазона» очиқ маълумотлар асосида ҳисоб-китоб келтирди.

Энг катта йўқотишлар кўнгиллилар орасида қайд этилган — 74 минг 316 нафар ёки умумий кўрсаткичнинг 37 фоизи. Кейинги ўринда шартнома асосида хизмат қилганлар — 38 минг 847 нафар, маҳкумлар — 21 минг 405 нафар ва сафарбар қилинганлар — 17 минг 940 нафар. 44 минг 818 ҳолатда ҳарбийнинг мақоми аниқланмаган.

Урушда ҳалок бўлганларни номма-ном ушбу сайтда кўриш мумкин. 

Ҳудудлар кесими

Энг кўп йўқотишлар Бошқирдистон (9 331 нафар), Татаристондан (7 585 нафар) ва Свердловск областидан (6 700 нафар) экани аниқланган. Кейинги ўринларда Краснодар ўлкаси ва Челябинск области турибди.

Москвада эса ҳар 10 минг эркак аҳолига тўғри келадиган йўқотишлар энг паст — жами 2 437 нафар. Бурятия ва Тува каби иқтисодий жиҳатдан заиф ҳудудларда бу кўрсаткич Москвага нисбатан 27 ва 33 баробар юқори.

 

2025 йил рекорд бўлиши мумкин

Журналистлар таъкидлашича, 2025 йил уруш давомидаги энг қонли йилга айланиши мумкин. Ҳозирча 49 минг 935 нафар ҳалок бўлгани тасдиқланган, аммо қайта ишланмаган некрологлар сони ўн минглаб экани айтилмоқда. Дастлабки баҳога кўра, йил якунида бу рақам 90 мингдан ошиши мумкин.

Маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён қарийб 7 минг офицер ҳалок бўлган, шуларнинг 77 фоизи кичик қўмондонлик бўғинига тўғри келади. 13 генерал ўлими ҳам тасдиқланган. Вашингтондаги «Center for Strategic and International Studies» ҳисоботига кўра, ҳалок бўлганлар сони 325 минг нафаргача етиши мумкин, яраланганлар билан бирга умумий йўқотишлар 1,196 млн нафарни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид