Logo

Садир Жапаров қизининг сиёсатга кириши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди

Бугун 08:402 дақиқа

Қирғизистон президентининг қизи Жанайимнинг реабилитация марказида болаларга совғалар тарқатаётгани акс этган видео тарқалгач, жамоатчилик орасида унинг сиёсатга кириб келаётгани билан боғлиқ миш-мишлар пайдо бўлган эди.

Садир Жапаров қизининг сиёсатга кириши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди © kollaj

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзининг қизи Жанайимнинг «Алтин балалик» реабилитация марказида болаларга совғалар тарқатаётгани акс этган видеоси пиар эмаслигини ва уни сиёсатга жалб қилиш нияти йўқлигини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари «Кабар» агентлигига берган интервюсида маълум қилди.

«Бу пиар эмас ва уни сиёсатга жалб қилишга уриниш ҳам эмас. Олдин айтганимдек, мен ўз фарзандларим ва яқинларимни сиёсатга ҳам, давлат ишларига ҳам аралаштирмайман. Агар шундай уринишлар бўлганида, бу ҳақда аллақачон маълум бўларди», — деди президент.

Тадбир тафсилотлари ва марказ фаолияти

Президентнинг сўзларига кўра, узоқ вақт давомида қурилиши тугалланмаган «Алтин балалик» маркази унинг топшириғи билан уч йил аввал битказилган ва керакли ускуналар билан жиҳозланган. Ҳозирда бу ерда ҳар йили барча ҳудудлардан, асосан, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари соғломлаштиришдан ўтади ва ёзги таътилни ўтказади.

Жапаров ҳар йили унинг рафиқаси Айгул Жапарова марказ тарбияланувчиларига совғалар топширишини билдирди. Бу сафар у бора олмагани учун қизидан ўзининг ўрнига боришни сўраган.

«Бизни қариндошларимиз таклиф қилишди ва Айгул билан бирга кетдик. Ўшанда у қизига: «Тадбир атайлаб якшанба кунига режалаштирилган, болалар кутяпти. Улар хафа бўлмасликлари учун бориб, совғаларни топшириб кел», деди. Жанайим болаларга шортик ва футболкаларни тарқатиб, дарҳол ортга қайтди», — деб тушунтирди давлат раҳбари.

Шунингдек, ушбу тадбирни оммавий ёритиш режалаштирилмагани, у ерда журналистлар бўлмагани ва видео ҳозир бўлганлардан бири томонидан суратга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойлангани таъкидланди.

«Бундан сиёсат ясаш керак эмас», — дея қўшимча қилди Жапаров.

Теглар

Мавзуга оид