Саида Мирзиёева Самарқандга борди
Ташриф давомида Тойлоқ ва Ургут туманларида бўлиб, ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш жараёни, янги барпо этилаётган турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти ҳамда фермер хўжаликларидаги ишлар билан танишди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliЎзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида шаҳранинг «Геологлар» маҳалласида жойлашган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бугунги ҳолати ва келгуси фаолияти билан танишди.
Ҳозирда 0,9 гектар майдонни эгаллаган ушбу икки қаватли бино таъмирталаб ҳолатда экани сабаб аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаяпти — 360 ўринга мўлжалланган боғчада айни пайтда 274 нафар болажон тарбияланмоқда.
Мазкур муаммони ҳал этиш ва маҳалла аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Саида Мирзиёевага янги лойиҳа тақдим этилди. Унга кўра, мавжуд бинони тўлиқ демонтаж қилиб, унинг ўрнида замон талабларига мос келадиган 720 ўринли янги ДМТТ биносини қуриш режалаштирилган.
Ушбу йирик лойиҳа ҳудуддаги боғча ёшидаги болалар қамровини икки баробарга ошириш ва навбатда турган болажонлар масаласини тўлиқ ҳал этиш имконини беради.
«Тойлоқ туманидаги барча маҳаллалар аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла олиши учун сув тармоқлари қандай реконструкция қилинаётгани ва янгиланаётганини кўздан кечирдик. Ургут туманида ҳам бўлдик. Бу ерда янги турар жойлар, тиббиёт муассасалари, мактаб ва боғчалар қуриляпти, борлари эса янгиланиб, кенгайтирилмоқда», - дея ёзди Мирзиёева «Telegram» каналида.
Саида Мирзиёва ташриф давомда қайта қурилган «Навоий» оилавий поликлиникасига ҳам борди. У ерда янги туғилган чақалоққа Шавкатжон деб исм қўйишди. Қолаверса, Мирзиёева Ҳайдаровлар оиласида меҳмон бўлди.
«Фермерлар оиласи – Ҳайдаровлар хонадонида меҳмон бўлдик. Уларнинг тажрибасини, шубҳасиз, кенг оммалаштирса арзийди. Президентимиз топшириғига кўра тубдан қайта қурилган «Навоий» оилавий поликлиникасига ҳам бордик. Бу ердаги 16 та қишлоқнинг аёлларига хизмат кўрсатаётган туғруқ бўлими энг замонавий талабларга жавоб беради. Куни кеча ушбу даргоҳда биринчи чақалоқ – Шавкатжон дунёга келди. Мен буни бошлаган барча ишларимизнинг хайрли эканига бир ишора, деб билдим.Она-болага мустаҳкам соғлик тилаймиз. Янги меҳмоннинг толеи баланд бўлсин», - дея ёзди Президент Админстрацияси раҳбари.





