add

Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун Президент қарори қабул қилинди

Янги қарор вилоятда йўл, энергия, сув ва таълим соҳаларида аниқ инвестиция механизмларини ишга туширади.

Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун Президент қарори қабул қилинди

2025 йил 27 декабр куни «Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилиниб, ҳудудда иқтисодий ўсишни тезлаштиришга қаратилган манзилли дастур тасдиқланди. Ҳужжат инфратузилма, коммунал хўжалик, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида аниқ вазифаларни белгилайди.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд вилоятида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун транспорт инфратузилмасини яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга ҳамда ички хўжаликлараро жами 298 километр автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек 15 та йўл ўтказгични барпо этиш режалаштирилган.

Электр таъминоти тизимини модернизация қилиш доирасида 14 та туман ва шаҳарда подстанция таъмирланади, 70 та янги трансформатор пункти ўрнатилади ҳамда 137 километр электр тармоқлари янгиланади. Бу чоралар саноат ва аҳоли истеъмоли учун барқарор энергия таъминотини таъминлашга қаратилган.

Ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилаш мақсадида 14 та туманда 90 та сув иншооти ҳамда 242 километр сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу орқали аҳоли учун коммунал хизматлар сифатини ошириш кўзда тутилган.

Қарорга асосан, 2026 йил 1 июлдан янги молиявий механизмлар жорий этилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари тўлайдиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман ва шаҳар сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади. Пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимини жорий этган хўжаликларга ҳар гектари учун 12 миллион сўм субсидия ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан барча қурилиш ва модернизация лойиҳалари «яшил» тамойиллар ва энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар асосида амалга оширилади. Таълим соҳасида эса 2026–2027 ўқув йилидан Каттақўрғон давлат педагогика институтида Турин политехника университети билан ҳамкорликда муҳандислик йўналишлари бўйича янги факултет очиш режалаштирилган.

Мавзуга оид