Logo

Сенат маъқуллаган умрбод қамоқ жазоси, мустақиллашган Марказий банк ва 11,7 млрд долларлик ташқи савдо тақчиллиги — 3 октябрь дайжести

Кеча 23:165 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сенат маъқуллаган умрбод қамоқ жазоси, мустақиллашган Марказий банк ва 11,7 млрд долларлик ташқи савдо тақчиллиги — 3 октябрь дайжести

Ўзбекистон август ойида олтин сотмади

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–август ойларида 22,8 миллиард долларлик товар ва хизматлар экспорт қилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 фоизга (795 миллион долларга) камдир. Экспорт ҳажмининг пасайиши олтин савдосининг қарийб уч баробарга қисқаргани билан изоҳланади: 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида 8,3 миллиард долларлик олтин сотилган бўлса, жорий йилда бу рақам 2,8 миллиард долларни ташкил этди (қимматбаҳо металл фақат апрель ва июль ойларида экспорт қилинган, август ойида эса умуман сотилмаган).

Экспортнинг камайиши фонида мамлакатнинг олтин-валюта захираларида сезиларли ўсиш кузатилди. 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 72,1 миллиард долларга етди ва унинг асосий қисмини — 64,9 миллиард долларини олтин ташкил қилмоқда. Йил бошидан буён захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 46,7 тоннага кўпайиб, жами 438,6 тоннага (14,11 млн трой унция) етган. Шунингдек, жаҳон бозорида олтин нархининг қимматлашиши ҳам мамлакат захираларининг доллардаги қиймати ошишига қўшимча туртки бўлган.

Сенат 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонун маъқулланди. Қонунга асосан, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ёки унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Шунингдек, бундай ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги (даъво муддати) қўлланилмайди ҳамда бола ўлимига сабаб бўлган қасддан қилинган жиноятлар учун муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади. Бундан ташқари, зўравонликда айбдор деб топилган шахсларнинг таълим муассасаларида ишлаши чекланиб, улар билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш тартиби Меҳнат кодексига киритилмоқда.

Жабрланувчи болалар учун процессуал кафолатлар ҳам кенгайтирилди: эндиликда вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёни видеоёзувга олинади, уларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатилади ва айбланувчи билан юзлаштириш фақат терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида амалга оширилади (агар зўравон яқин қариндош бўлса, васийлик органи иштироки мажбурий этиб белгиланади). Маълумот учун, статистикага кўра 14 ёшга тўлмаганларни зўрлаш жиноятлари 2022 йилдаги 85 тадан 2025 йилда 123 тагача ошган, ўтган йили мактаб ва боғчаларда 122 та зўравонлик ҳолати қайд этилган. Мазкур қонун 12 сентябрь куни Наманган вилоятидаги давлат боғчасида 5 ёшли болага нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ҳолати ортидан жамоатчилик муҳокамасидан сўнг тезлаштирилиб, имзолаш учун Президентга юборилди.

Сенат Марказий банк мустақиллигини кенгайтирувчи қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 2 октябрь куни Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, банк назорати ва тўлов тизимларини тартибга солишдаги мустақиллигини кенгайтирувчи қонунни маъқуллади. Унга кўра, регуляторнинг юридик хизмати ижобий хулосасига эга бўлган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (пруденциал нормативлар, рискларни бошқаришга оид талаблар) Адлия вазирлигида 10 иш куни ичида соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда уларни умумий 3 ойлик кечиктиришсиз тезкор кучга киритиш имконияти яратилади.

Шунингдек, қонун билан Марказий банк ва унинг тузилмалари фаолиятини текшириш фақат Сенат қарори ёки қонунчиликда бевосита назарда тутилган ҳоллардагина амалга оширилиши қатъий белгиланмоқда. Бундан ташқари, Марказий банк норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини Савдо-саноат палатаси ва бизнес-омбудсман билан мажбурий келишиш талаби бекор қилинди.

Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носировнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг 2024–2025 йилларда ўтказилган Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, улар мамлакат банк секторининг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш, регуляторнинг фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб бериш салоҳиятини ва тизимнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан газ харидини кескин кўпайтирди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–август ойларида Россия ва Туркманистондан табиий газ импортини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,2 фоизга ошириб, жами 1,21 миллиард долларлик газ харид қилган. Ушбу маблағнинг 124,3 миллион доллари суюлтирилган газ (пропан) ҳиссасига тўғри келиб, унинг импорти 3,5 баробарга кескин ошган.

Газ импорти ҳажми ойлар кесимида турлича ўзгаришларни қайд этган. Хусусан, июнь ойида йил бошидан буён энг юқори кўрсаткич — 247 миллион долларлик газ харид қилинган бўлса, июль ойида бу рақам кескин пасайиб, 38,3 миллион долларни ташкил қилган. Бироқ август ойида импорт ҳажми қайта тикланиб, июль ойига нисбатан қарийб 5,4 баробар кўп — 206,1 миллион долларга етган. Маълумот ўрнида, дастлабки саккиз ойда мамлакатнинг умумий импорти 34,5 миллиард долларни ташкил этган.

Импорт ошди, экспорт камайди: Ўзбекистоннинг 8 oйдаги ташқи савдо ҳажми эълон қилинди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,6 фоизга ўсди. Мазкур даврда экспорт ҳажми 3,4 фоизга камайиб, 22,9 млрд долларни ташкил қилган бўлса, импорт 16,3 фоизга ошиб, 34,5 млрд долларга етди. Натижада ташқи савдо балансида 11,7 млрд долларлик манфий сальдо қайд этилди.

Умумий экспорт пасайганига қарамай, олтинни ҳисобга олмаган ҳолда товарлар экспорти 28,7 фоизга ўсиб, 11,5 млрд долларни ташкил қилди. Шунингдек, хизматлар экспорти 33,8 фоизга ошиб, 8,5 млрд долларга етди (бунда асосий улуш саёҳат ва туризм — 54,1 фоиз, транспорт — 30,5 фоиз ва IT хизматлари — 8,4 фоиз ҳиссасига тўғри келади). Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳам 26,9 фоизлик ўсиш билан 2,1 млрд долларни ташкил қилган. Импорт таркибида эса энг катта улушни машина ва транспорт асбоб-ускуналари (32,6 фоиз) ва саноат товарлари (14,7 фоиз) эгаллади.

Мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари орасида Хитой 23 фоиз (13,2 млрд доллар) улуш билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Кучли учликдан, шунингдек, Россия (16 фоиз, 9,2 млрд доллар) ва Қозоғистон (6,5 фоиз, 3,7 млрд доллар) жой олган. Импортнинг 65 фоиздан ортиғи айнан шу давлатлар, қолаверса Туркия, Жанубий Корея, Германия ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган.

Теглар

Мавзуга оид