Logo

Сербия Ўзбекистонга Косово масаласида миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Белградда Сербия ТИВ раҳбари Марко Журич билан учрашув ўтказди. Томонлар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислиги доирасидаги масалаларни муҳокама қилди.

Сербия Ўзбекистонга Косово масаласида миннатдорлик билдирди © Foto: mfa.rs

Сербия Республикаси ташқи ишлар вазири Марко Журич 8 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев делегацияси таркибида Белградга борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Бу ҳақда Сербия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлар Президент Мирзиёевнинг ташрифи Сербия ва Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантириш учун муҳим туртки бўлишини ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро сиёсий интилишнинг тасдиғи эканини қайд этган.

Журич Ўзбекистонда Сербия Республикаси элчихонасини очиш бўйича «якуний қадамлар» кетаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, дипломатик ваколатхонанинг очилиши икки давлат муносабатларини ривожлантиришга қўшимча туртки беради.

У, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ва инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасида юқори даражадаги мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамда, бизнес форумлар ўтказиш ва ишбилармон доиралар вакиллари фаоллигини ошириш муҳимлигини таъкидлаган.

Журич Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди

Сербия дипломатияси раҳбари икки давлат ўртасидаги ўзаро англашувнинг юқори даражада эканини айтган ҳамда Косово ва Метохия масаласида Сербия Республикасининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини изчил қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун: Косово масаласи Сербия ташқи сиёсатидаги энг муҳим ва узоқ йиллардан бери ҳал этилмаган масалалардан бири ҳисобланади. 1990-йилларда Косовода серб кучлари ва албан қуролли гуруҳлари ўртасидаги можаро халқаро инқирозга айланган. 1999 йил июнь ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши 1244-сонли резолюцияни қабул қилиб, Косовода БМТнинг фуқаролик маъмурияти ва халқаро хавфсизлик кучлари фаолиятига ҳуқуқий асос яратган.

2008 йил 17 февралда Косово ўз мустақиллигини бир томонлама эълон қилди. Сербия бу қарорни тан олмади ва ҳозиргача Косовони ўз ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1244-сонли резолюцияси эса шундан кейин ҳам Косоводаги халқаро миссиянинг ҳуқуқий асоси сифатида қолди.

Учрашув давомида, шунингдек, Марко Журич Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишини алоҳида қайд этган. Сербия ТИВ мазкур ҳаракатни халқаро ҳамкорлик, сиёсий мулоқот ва аъзо давлатларнинг умумий манфаатларини илгари суриш учун муҳим платформа сифатида баҳолаган. Вазирнинг фикрича, Ўзбекистоннинг раислиги Сербия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун қўшимча имконият яратади.

Қўшилмаслик ҳаракати нима?

Қўшилмаслик ҳаракати — давлатларни ҳарбий-сиёсий блокларга боғланмасдан, мустақил ташқи сиёсат юритишини қўллаб-қувватловчи халқаро сиёсий бирлашма ҳисобланади.

Унинг асосий тамойиллари давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш каби қоидаларни қамраб олади.

Ҳаракат Совуқ уруш даврида шаклланган бўлиб, 1961 йилда Белградда биринчи саммити ўтказилган. Шу жиҳатдан Сербия учун Ўзбекистоннинг бўлажак раислиги алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк бор раислик қилади.

Ҳаракат дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштиради.

Теглар

Мавзуга оид