Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади © prezident.uz

Давлат раҳбари ўз табригида уруш йилларида кўрсатилган жасорат, халқнинг инсонпарварлиги ва бугунги тинчликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз», — деди Президент.

Табрикда уруш йилларида Ўзбекистон халқи чеккан йўқотишлар ва кўрсатилган қаҳрамонликларга доир тарихий рақамлар келтирилган. Хусусан, ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республика аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари жангларда қатнашгани таъкидланган.

«Шундан ярим миллиондан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган, 60 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтган. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бу аянчли рақамлар қалбларимизни ҳали ҳам изтиробга солади», — деб қайд этади давлат раҳбари.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибидаги “Хотира нури” ва “Миллат  фидойилари” ёдгорлик комплекслари халқ учун табаррук масканларга айланиб бораётганини билдирган.

«Ғолиб ва музаффар ота-боболаримизнинг Ватанимиз озодлиги ва халқимиз осойишталиги ҳимояси йўлидаги ибратли фаолиятини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича биз кўплаб ишларни амалга оширмоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибидаги “Хотира нури” ва “Миллат фидойилари” ёдгорлик комплекслари халқимиз учун табаррук масканларга айланиб бормоқда. Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари берилганини таъкидлаш лозим. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фахрийларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни санаторийлар, дам олиш масканларига бепул ва имтиёзли асосда юбориш бўйича самарали тизим фаолият кўрсатмоқда. Ушбу мунаввар айём кунларида жойлардаги ҳокимликлар, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларида бўлиб, оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида хотира маросимлари, маданий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, оммавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда», - дейилади табрикда.

Шунингдек, мурожаатда Ўзбекистоннинг фронт ортидаги таъминот базаси сифатидаги ўрни ва юксак инсонпарварлик намуналари ёритилган. Маълум қилинишича, уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1,5 миллиондан ортиқ инсонга, жумладан, 250 минг нафар етим болаларга бошпана берилган.

«Ўша оловли йилларда халқимиз “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деб кечаю кундуз буюк сафарбарлик руҳи билан яшади. Инсонпарварликни буюк қадриятга айлантирган халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган... инсонларга меҳр-оқибат кўрсатди», — дейилади табрик матнида.

Янги Ўзбекистонда фахрийларни улуғлаш борасидаги ишларга тўхталар экан, Президент жорий йилда амалга оширилган моддий рағбатлантириш чораларини тилга олди.

«Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир. Ҳозирги мураккаб даврда Ватанимиз мустақиллигини, халқимиз осойишталигини асраш, иқтисодий қудратимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Ишончим комил, бу борада 81 йил олдин ғалаба байроғини жаҳон узра баланд кўтаришга муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг, халқимизнинг мардлик ва матонат мактаби бизга мададкор куч бўлиб хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, фашизм балосини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган қардош халқларни, барча эзгу ниятли инсонларни бугунги шонли байрам билан самимий табриклаб, уларга барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.

Сизларни, ҳурматли фахрийларимизни, бутун эл-юртимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака тилайман. Меҳнаткаш ва донишманд халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин! Хотира ва қадрлаш айёми барчамизга муборак бўлсин!», - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Теглар

Мавзуга оид