
Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп учрашуви: стратегик шериклик янги босқичда
АҚШ ва Ўзбекистон раҳбарлари Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда сиёсий, иқтисодий ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳридаги расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп билан Оқ уйда учрашув ўтказди.
Ўзбекистон раҳбари ташриф аввалида Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобига қайд ёзиб қолдирди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Учрашув Оқ уйнинг Овал кабинетида бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо, инвестиция, маданий-ҳуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сентябрь ойида Ню Йоркда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, «C5+1» форматидаги Марказий Осиё-АҚШ ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ташқи ва ички сиёсатдаги ютуқлари билан табриклаб, унинг халқаро ва минтақавий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишдаги шахсий ҳиссаси ва фаоллигини алоҳида қайд этди.
Президент Трамп эса Мирзиёевнинг АҚШ ҳукумат ва бизнес доиралари билан ўтказган самарали музокараларини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини эътироф этди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун институционал механизмларни такомиллаштириш зарурлигини ҳам таъкидладилар.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.





